Бугунги кунда фуқароларга енгилликлар яратиш ҳамда коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун санксияларнинг даражасини тегишли ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий аҳамияти ва оқибатлари билан мутаносиб бўлишини таъминлаш ҳамда маъмурий жарималар миқдорларини мақбуллаштириш зарурати юзага келмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига соҳадаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорларини аниқ белгилаш ва маъмурий ишларни кўриб чиқишда фуқароларга енгиллик яратишга қаратилган нормалар киритилмоқда.
Таҳририятимизга муштарийларимиз томонидан шахсни идентификацияловчи ИД-карта ва у билан боғлиқ турли масалалар бўйича саволлар келиб тушаётгани боис бу ҳақда батафсил маълумот беришга қарор қилдик.
Саволларга ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Руслан ЗАБИРОВ жавоб берди:
– Паспорт ёки ИД-карта қандай ҳужжат, улар қонунчиликка кўра давлат мулки ҳисобланадими ёки фуқаронинг шахсий мулки?
– Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти ёки идентификацияловчи ИД-картаси Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ҳамда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдир. Президентимизнинг 2020-йил 22-сентабрдаги фармони 1-иловаси билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ИД-картаси тўғрисида»ги низомнинг 3-бандида ИД-карта Ўзбекистон Республикаси мулки ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканлиги белгиланган.
– ИД-картанинг афзал жиҳатлари нимада?
– ИД-карта Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ҳамда фуқаронинг шахсини тасдиқлаш билан бир қаторда, республикамизнинг барча соҳаларида муҳим рол ўйнайди. Жумладан, шахсларнинг доимий яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатга олиш тизимида, мавжуд аҳоли сони статистикасини юритишда, ҳудудларнинг инфратузилмасини шакллантиришда, аҳолига пенсия ва тиббий таъминот, бошқа ижтимоий кафолатларнинг кўрсатилишида, давлат хизматлари кўрсатишни режалаштиришда, мавжуд ресурс ва маблағларни тўғри тақсимлашда, аҳолининг бандлигини таъминлашда, Қуролли Кучларни шакллантиришда, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олишда, энг муҳими, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларда фуқароларнинг иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан ташқари, фуқароларга жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш, давлат хизматига кириш, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ва бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятларини яратади.
– ИД-картанинг амал қилиш муддати қанча? У кимларга, неча ёшда берилади?
– Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ИД-картаси маълумотларни йиғиш пункти томонидан фуқароларга қуйидаги муддатларга берилади:
– 1 ёшгача бўлган янги туғилган болага – икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
– 1 ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
– 16 ёшдан – 10 йил муддатга.
– Ҳужжатнинг алмаштириш муддати ҳатто бир неча ой ўтиб кетган фуқаролар ҳам учраши мумкин. Ўз вақтида ИД-картани алмаштирмаган фуқароларга нисбатан жарима қўлланадими?
– Фуқаро ИД-картаси амал қилиш муддати тугаганда ва тегишли ёшга тўлгандан сўнг ёки фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва миллати ўзгаргандан сўнг бир ой муддатда ИД-карта олиш учун мурожаат қилиши лозим. Ўз вақтида мурожаат қилинмаса, бу Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси талабларига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
– ИД-картани йўқотиб қўйган ёки яроқсиз ҳолга келтирган фуқароларга нисбатан қонунчилигимизда қандай чоралар кўрилади?
– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси талабларига кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспортини ёки идентификацияловчи ИД-картасини, хорижга чиқиш учун биометрик паспортини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламагани оқибатида йўқотиб қўйиши, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламагани оқибатида йўқотиб қўйиши, мамлакатимиз ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаросининг ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ИД-картасини (Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасини) қасддан яроқсизлантириши ёки уни эҳтиёт қилиб сақламагани оқибатида йўқотиб қўйиши базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорида жарима солинишига олиб келади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
– Бу муҳим ҳужжатларнинг қандай ҳолларда яроқсиз ҳолга келган деб ҳисобланиши ҳам муштарийларимизни қизиқтиради.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011-йил 5-январдаги фармонининг 1-иловаси билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисида»ги низомнинг 17-бандида фуқаро паспортини эҳтиёт қилиб сақлаши шартлиги белгиланган.
Паспорт ёки идентификацияловчи ИД-картанинг яроқсизлантириш фактини паспортларнинг варақларини йиртиб ташлангани, паспортга қўйилган белгиларнинг кўринмас ҳолатга келтирилгани ёки шахснинг биографик ва биометрик маълумотларига қасддан ёхуд эҳтиёцизлик оқибатида шикаст етказилгани ва бошқа ҳолатлар тасдиқлайди.
Ҳужжатларни яроқсизлантириш факти асосан ҳужжатларни кўздан кечириш орқали аниқланади.
– Баъзи фуқаролар қайд варағини олиб юрганига ҳам кўзимиз тушяпти. Бу қанчалик тўғри?
– Давлатимиз раҳбарининг 2020-йил 22-апрелдаги «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш билан боғлиқ ишлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали «ягона дарча» тамойили асосида Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими воситасида амалга оширилмоқда.
Фуқароларимиз «Манзил» тизими орқали доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинади ва уларга фуқаронинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олингани тўғрисида ҚР-CОДЕ билан ҳимояланган қайд варағи берилади.
Фуқароларнинг қайд варағини олиб юришларига чек қўйиш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг «Манзил» тизими «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинган. Бунинг натижасида давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда ва бошқа маъмурий тартиб-тамойилларни амалга оширишда фуқароларнинг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олингани ҳақидаги маълумотларни фуқаролардан талаб қилмасдан, мазкур платформа орқали мустақил равишда сўраб олиши имконияти яратилган.
– Биометрик паспортни ИД-картага алмаштиришнинг охирги муддати қачон?
– Президентимизнинг 2020-йил 22-сентабрдаги «Ўзбекистон Республикасида идентификация ИД-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг 2011-йилги намунадаги биометрик паспорти 2031-йил 1-январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланган. Демак, фуқаролар биометрик паспортларини
2030-йил 31-декабргача ИД-картага алмаштиришлари лозим.
Ўз мухбиримиз
Шерзод АБДУСАМАДОВ ёзиб олди.
