Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров ИИВ Академиясининг бир гуруҳ курсант ва тингловчиларига онлайн тарзда маҳорат дарси ўтди. “Жиззах вилоятидаги криминоген вазият ва ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишнинг муҳим масалалари” мавзуидаги машғулотда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Сабоқ аввалида бошқарма бошлиғи вилоятнинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан географик жойлашуви, бошқа давлатлар билан чегарадош ҳудудлари ҳамда аҳоли пунктларига оид маълумотларни келтириб ўтди. Шундан сўнг жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда рўй берган жиноятлар, уларни келтириб чиқарган сабаб ва омиллар, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.
Дарс давомида курсантлар амалиётини ташкил этиш, ёш ходимларга мураббий бириктириш, академия битирувчилари дастлабки фаолиятларида йўл қўядиган камчиликлар, уларни бартараф этиш йўллари тилга олинди. Ҳамкасбларига ўрнак бўлаётганларни рағбатлантириш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликка зид хатти-ҳаракатларни содир этганларга нисбатан чора кўрилганлигига оид мисоллар келтириб ўтилди.
Маҳорат дарсида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатини инобатга олган ҳолда қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш, тезкор хизматлар фаолиятини ташкил этиш, воқеа жойини ўрганишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди. Сабоқ давомида Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимларининг малакасини ошириш, жиноятчиликка қарши курашда илмий услублардан фойдаланиш даражасини юксалтириш юзасидан таклифлар билдирилди. Якунда тингловчи ва курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга бошқарма бошлиғидан жавоблар олишди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
