Бухоро туманининг “қизил” тоифага киритилган Гулшанобод маҳалласида вилоят Иибнинг йиғма отряди томонидан жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида “Хавфсиз ҳудуд” махсус тезкор профилактик тадбирлари ўтказилди. Тадбирлар давомида 60 та савдо дўкони ва бошқа савдо обектлари эгалари билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди, тарғибот буклетлари, профилактика инспектори ташриф қоғозлари тарқатилди. 22 та оиладаги низо ва ажрим сабаблари ўрганилди ва улар билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, соғлиқни сақлаш муассасаси ҳисобида турган 5 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган ва 13 нафар руҳий касалларнинг хонадонига тиббиёт ходимлари билан борилиб, уларнинг соғлиғидан хабар олинди. Фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларининг олдини олиш мақсадида қассобчилик, мол ташувчилик ва мол олиб сотиш билан шуғулланувчи 12 нафар, муқаддам судланган 24 нафар шахслар билан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида профилактик суҳбатлар ўтказилди. 

Маҳалла ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида 50 нафарга яқин қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 25 та автомашина қарздорлиги бўйича жарима майдончасига жойлаштирилди.


М.АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.