Кун қаҳрамони

Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЖЦБ ППХ баталони махсус отряди инспектори, сафдор Соҳиб Ҳамроев 2018 йилда баталоннинг 2-отрядида ҳайдовчи ходим сифатида хизматни бошлаган эди. Устози подполковник Анвар Ҳамидовдан соҳанинг сир-асрорларини пухта ўрганиб, тажрибасини бойитиб бормоқда.

Сафдор С. Ҳамроев ўтган йил давомида турли ҳуқуқбузарликлар содир қилган ҳамда шубҳа остига олинган 300 дан ортиқ фуқаронинг шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига олиб келган. Шунингдек, ўтказилаётган “Қидирув” тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб, муқаррар жазодан яшириниб юрган кимсаларни қўлга олишда жонбозлик кўрсатяпти.

Лавҳамиз қаҳрамони яқинда “Тошмачит” маҳалласида хизмат олиб бораётганда бир шубҳали шахсни тўхтатиб, планшет орқали текшириш жараёнида қидирувда бўлган “Пиридастгир” маҳалласида яшовчи Қ.Р. эканлигини аниқлади. Шу тариқа, қочоқ жиноятчи қўлга олинди.  

 Сафдор Соҳиб Ҳамроев хизмат фаолиятида кўплаб ана шундай ҳушёрлик намуналарини намоён этиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.