Бу воқеа 2002-йилнинг июнида Зафаробод туманининг Йўлдош Охунбобоев номли хўжалигида юз берганди. Тунда ғўза суғориб совуқсираган сувчи куни билан қизиб, ҳали тафти кетмаган асфалт йўлда ётиб мизғийди. Оқибатда уни машина босиб кетади.
Мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ ходимлари суриштирув ишлари олиб боришади. Аммо орадан 20 кун ўца ҳамки, калаванинг учи топилмайди. Шу боис Жиззах шаҳар ИИБ катта терговчиси, капитан Алим Яхшибаевнинг бой тажрибаси натижасида жиноят очилади.
Терговчи жиноятга оид ҳужжат ва фотосуратларни диққат билан ўрганиб чиқиб, воқеа жойига чиққан тергов-тезкор гуруҳи аъзолари билан суҳбатлашганидан сўнг, сувчини трактор босиб кетган, деган хулосага келди.
Тез орада Фориш туманидан ўз тракторида ҳудудга ишлаш учун келган тиркамали трактор ҳайдовчиси гумон қилиниб қўлга олинди. У яшаш манзилига кетар чоғида эътиборсизлиги сабаб йўл устида ухлаб ётган сувчини босиб кетганлигини тан олди. Зеро, эксперт-криминалистлар унга тегишли тиркама ғилдираклари дискларидан топилган қон зарралари сувчига тегишли эканлигини исботлагандилар.
Истеъфодаги подполковник Алим Яхшибаев ички ишлар органларининг тергов тизимидаги 27 йиллик фаолияти давомида бу каби кўплаб жиноятларни фош этди, жиноятчиларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди.
Бахмал туманининг «Сарой» маҳалла фуқаролар йиғинида туғилган лавҳамиз қаҳрамони ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1991-йилда Жиззах шаҳар Иибда терговчи вазифасида бошлади. Кейинроқ Зафаробод, Шароф Рашидов, Ғаллаорол туманлари Иибда катта терговчи, тергов бўлими бошлиғи лавозимларида самарали хизмат қилди.
Фаолияти давомида қатор шогирдлар тарбиялаб етиштирди. Улар ҳозирда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, қонунийликни таъминлаш йўлида ички ишлар идораларида турли лавозимларда хизмат қилишмоқда.
Алим Яхшибаев 2008 йилда подполковник унвонида пенсияга чиққанидан сўнг ҳам меҳнат қилишдан тўхтаб қолмади. Хусусан, адвокат сифатида одамлар корига яради. Айни вақтда эса «Айдаркўл-Арнасой кўллар тизими» масъулияти чекланган жамиятида юристлик қилаётир.
Фахриймизнинг катта ўғли Жиззах вилояти мажбурий ижро бюросида бўлим бошлиғи, кичиги фермер. Қизларидан бири ўқитувчи, бошқаси муҳандис. Набиралари бир этак. Уларни эркалаб, дили яйрайди. Алим Яхшибаэв 1979-йилдан буён овчилик жамияти аъзоси, 70 ёшни қоралаб қолганига қарамай, ҳамон нишонни аниқ уради. Бўш пайтлари ўзи каби фахрийлар билан шахмат тахтасида дона суради. Хуллас, ҳар кунининг қадрига етиб, завқини туйиб яшамоқда.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
