Тиббий кўрикларнинг аҳамияти нафақат инсон саломатлигини яхшилашга, балки уларнинг ишчанлик қобилиятини оширишда ва жамиятнинг фаол аъзосига айлантиришга хизмат қилади. Лекин, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш, доимий шифокор қабулида бўлиш соғлигимизни мустаҳкамлашда ёрдам беради. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тиббиёт бошқармасининг марказий даволаш-профилактика муассасалари тор мутахассис-шифокорлари томонидан Самарқанд вилояти ИИБ даволаш профилактика муассасаси тиббиёт бўлимида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди.  

Дастлаб, тиббий кўрикнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, ходимларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш юзасидан қилинадиган ишлар хусусида давра суҳбати ташкил этилди.  

Шундан сўнг, ИИБ Тиббиёт бўлими поликлиникасида диспансер назоратида турган беморлар поликлиника шароитида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 

Самарқанд шаҳрида яшовчи хизмат чоғида олган жароҳати ва касаллиги туфайли ногирон бўлиб қолган 8 нафар фахрийлар, нафақахўрлар ва уларнинг оила аъзолари ИИВ Тиббиёт бошқармаси ва унинг тизимидаги даволаш-профилактика муассасасидаги малакали тор мутахассис-шифокорлари томонидан уйига бориб кўрилди.  

Тиббий кўрик давомида жами 822 нафар бемор кўрилиб, 189 нафар беморга стасионар, 276 нафар беморга амбулатор, 86 нафар беморга санатор-курорт даво муолажалари тавсия қилинди. 

Жарроҳлик амалиёти ўтказишга муҳтож деб топилган беморларни жорий йил мобайнида Ички ишлар вазирлиги Марказий госпитали жарроҳлик бўлинмаларида соғломлаштириш вазифалари белгилаб олинди. 

Самарқанд вилоят ИИБ ДПМ Тиббиёт бўлими шифокорларининг Марказий госпитал ва ИИВ марказий поликлиникасида тажриба алмашишлари қайд этилди.  

 Умида Мамадалиева,

 ўз мухбиримиз. 

Самарқанд вилояти.