Маҳлиё Назарова йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида ички ишлар органларида хизмат қилиб келади. Жонкуяр ва шогирдларига меҳрибон ходим. У кишининг бой тажрибасидан баҳраманд бўлиб, ўз билим ва кўникмаларимни мустаҳкамлаб боряпман. Ҳар бир маслаҳати, ҳар бир ўгити мен учун қимматли сабоқ бўлмоқда. Устозимдан хизматга масъулият билан ёндашиш, фуқаролар дардини тинглай билиш, вазиятни чуқур таҳлил қилиш ва ҳар қандай ҳолатда вазминликни сақлаб қолишни ўрганмоқдаман.
Қисқа фаолиятим давомида, устозимнинг ўгитларидан шуни англадимки, ички ишлар органлари – халқнинг ишончи ва таянчи. Одамлар ўз дарди, муаммоси билан, биринчи навбатда, айнан шу соҳа вакилларига мурожаат қилади. Демак, биздан нафақат қонунни билиш, балки юксак инсоний фазилатлар ҳам талаб этилади.
Юрт осойишталиги йўлида хизмат қилиш – катта шараф. Мен бу йўлда фақат олға интилишга, ўқиб-ўрганишга, устозимнинг ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қиламан. Зеро, устоз бор экан, шогирд камол топади.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган соҳа ходималарини, хусусан, устозим, подполковник Маҳлиё Назаровани Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Мардон РАҲИМҚУЛОВ,
катта сержант.
Қашқадарё вилояти.
