Омадсизликдан қутулиб, ҳар бир мақсаднинг муваффақиятли рўёбига эришиш мумкинми? Бунинг учун ҳар ким ишни, аввало, ўзидан бошлагани маъқул. Мисол учун, китоб ўқиш, ўз устида ишлаш, билмаганни сўраб ўрганиш мақсадга мувофиқ. Омад калити доим киссангизда бўлишини истасангиз, баъзи қоидаларга амал қилишга тўғри келади.
1. Инсон нафақат ўз хатти-ҳаракатлари, балки уларнинг натижаси учун ҳам масъулиятни бўйнига олишни, ҳар бир иши учун жавоб беришни ўрганиши керак. Агар ҳозир омад кулиб боқмаётган бўлса, бунда айбни бошқаларга ағдариш шарт эмас. Одамларга «қурбон» ёқмайди, шунинг учун бу ролни ҳаёт репертуаридан бутунлай чиқариб ташлаш зарур.
2. Тақдирдан туҳфалар кутиб ўтириш нотўғри, бу кетишда бирон нарсага эришиш амримаҳол. Муваффақият ҳар кунлик машаққатли меҳнатдир. Олдингизга мақсад қўйиб, нима бўлганда ҳам уни амалга оширишга интилинг. Ҳар бир ишни пухта режа асосида бажариб, фақат олға илдамлашга одатланинг!
3. Яхши лавозимга эришиш йўлида камчиликлар учун қайғуриш эмас, фазилат ва қобилиятларни ишга солиш керак. Чунки улар фақат бизга аён ва буни ҳаммага намоён этиш лозим. Ҳар ким ўзини муносиб баҳолашни ўрганиши, ўзи севган иш билан шуғулланиши зарур. Шунда ўсиш зинаси бўйлаб ҳаракат ҳам ёқимли ва қувончли кечади.
4. Аксарият инсонлар хатога йўл қўйишдан қўрқиб, ишга қўл урмайди. Хато қилиш одамзотга хос, шунчаки уни кўра билиш, тан олиш ва ўз вақтида тўғирлаш муҳим. Шуни инобатга олган ҳолда, ҳар бир ҳаракатдан воз кечмаган маъқул. Чунки айнан улар муваффақият сари илк қадам бўлиши мумкин. Асосийси, ўзига ишонч!
5. Сарф-харажатларни қайд этиб бориш, пулларнинг қаэрга кетаётганини билиш ўта муҳим. Дўкон ёки бозорга ҳам айнан нима зарурлигини англаган ҳолда бориш лозим. Молиявий масалаларда ҳар бир ҳаракатни пухта ўйлаб амалга ошириш керак. Ҳали қўлга келиб тушмаган пул учун олдиндан режалар тузмаган маъқул.
6. Атрофдагилар билан муомала қилиш қоидаларига амал қилиш аҳамиятли. Энг муҳими, жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз ўрни ва қадри бўлсин. Атрофдагиларга қўлдан келгунча ёрдам қилинг, ўзингиз ҳам кўмак ёки маслаҳат сўрашдан уялманг.
Унутманг, омад ҳаммага кулиб боқади, лекин ҳар ким ҳам унга кулиб жавоб қайтармайди ва бу фақат уларнинг айбидир.
Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.
