Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар билан ишлаш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли 7531-ҳарбий қисмда “Очиқ эшиклар куни” ҳамда “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ташкил этилди.

 Тадбирда меҳнат фахрийлари, ҳарбий хизматчилар ва Чилонзор туманида жойлашган 232-сонли умумтаълим мактабининг 86 нафар ўқувчи ёшлари иштирок этишди.

Учрашув аввалида барча ташриф буюрувчилар ИИВ Қоровул қўшинлари Намунали ва кўргазмали оркестр жамоасининг ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлари садоси остида тантанали кутиб олинди. Шундан сўнг ҳарбий қисм командири тадбирни очиб, ҳарбий хизматчиларга яратилган шароитлар, ҳарбий хизматчиларнинг кундалик ҳаёти ва яратилган имкониятлар билан таништирув ўтказилди.

Ўқувчи-ёшларнинг қалбида ватанпарварлик, фидойилик ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган мазкур тадбирда уларнинг эътиборига махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи шахсий таркибининг кўргазмали чиқиши, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмали намойиши, шу билан бир қаторда китоб ярмаркаси ҳам ташкил этилди.

- Бундай тадбирлар ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, юртга дахлдорлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади, - дейди ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли 7531-ҳарбий қисм командирининг тарбиявий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, маёр Муҳаммадали Аблакулов. - Тадбир давомида ҳарбийликка қизиқиш билдирган ўқувчилар билан алоҳида суҳбат ўтказдик.

 “Уч авлод учрашуви” доирасида ўқувчи ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ИИВ Қоровул қўшинлари Фахрийлар кенгаши аъзолари ҳамда юртимиз ва жаҳон ареналарида ғолибликни қўлга киритган ҳарбий спортчилар ўзларининг ҳаёт тажрибалари, Ватан ҳимояси йўлидаги хизмат фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар ёшларга ҳарбий касбнинг шарафи, масъулияти ҳақида батафсил тушунчалар беришди.

- Ҳарбий қисмга қилинган ташриф менда катта таассурот қолдирди, дейди 232-сонли мактабнинг махсус ҳарбий спорт клуби аъзоси, 9-синф ўқувчиси Хуршид Ҳайдаров. - Келажакда ватанимга, халқимга сидқидилдан хизмат қилишни, ҳарбий бўлишни дилимга тугдим. Албатта бунинг учун ўз устимда мунтазам ишлашим, билимларимни янада бойитишим лозим бўлади. 

Тадбирда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди ҳамда фаол иштирок этган ўқувчи-ёшлар Қоровул қўшинлари қўмондонлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Азизжон Файзиев,

подполковник.