Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга ундовчи чақириқларга тез-тез кўзимиз тушяпти. Шунга қарамай, бундай нохуш ҳолатлар йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасига боғлиқ йўналишларда ҳам учрамоқда.

Ҳайдовчилик гувоҳномаларини олишда яратилган шаффоф тизим бўлажак ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларини яхши ўзлаштиришга ундаётган бўлса-да, айрим шахслар бу ҳужжатни олишнинг «осон» йўлларини излаб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмоқдалар. Ачинарлиси, кўплаб юртдошларимиз ҳайдовчилик гувоҳномасини маълум бир қийматдаги моддий бойликлар эвазига олиб беришни ваъда қилган фирибгарларга ишониб, жиноят қурбонларига айланиб қолаётир. 

– Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Сирдарё тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро гўёки вилоят ИИБ Йҳхбда ишловчи танишлари ёрдамида «Б» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳ­номасини олиб бериши эвазига фуқародан 700 АҚШ доллари ва 1,2 миллион сўмни олган вақтида ушланган, – дейди ИИВ ЖХД ЙҲХХ Ахборот хизмати етакчи мутахассиси, подполковник Дилноза Ражабова. – Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 31-майдаги «Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартиби белгиланган. Мазкур қарорга мувофиқ, тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун жойлардаги ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи, белгиланган лицензияга эга бўлган ўқув ташкилотларида, тасдиқланган ўқув дастурлари асосида тегишли тоифалар бўйича ҳар хил муддатда таълим оли­шингиз, шунингдек, ўқув якуни бўйича берилган гувоҳномага асосан жойлардаги Имтиҳон марказларида, бундай марказлар ташкил этилмаган жойларда эса ҳудудий Йҳхбларида назарий ва амалий имтиҳонларни топшириб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишингиз керак бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, сизга ҳайдовчилик гувоҳномасини пул эвазига ноқонуний йўллар билан олиб беришни таклиф қилаётган фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг, уларга алданиб қолманг. Ҳақиқий ҳайдовчилик гувоҳномаси йўлларда сиз ва яқинларингиз, қолаверса, ўзгаларнинг ҳаёти ва соғлиғи кафолати эканлигини унутманг.

Шерзод АБДУСАМАДОВ,

ўз мухбиримиз.