Илк хизмат фаолиятини Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими суриштирувчиси лавозимида бошлаган ёш ходимга истеъфодаги подполковник Алишер Шербоев устозлик қилди. 

Кейинчалик Оққўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи, катта терговчи лавозимларида фаолият юритиб, ўз тажрибасини янада бойитди.

– Хизмат фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, ҳеч бир инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди, балки ташқи муҳит таъсирида нотўғри йўлни танлайди, – дейди маёр И.Раимов. 

– Айбига яраша жазо олганидан сўнг жиноятчиларнинг аксарияти қилмиши­нинг нотўғри эканлигини англаб етади. Бироқ шундай шахслар ҳам борки, улар далилларни тан олмасдан, терговни чалғитишга уринишади. Улар кейинчалик ҳам қонунбузарлик содир этишга мойил кимсалардир.

У соҳага оид адабиётларни, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини мутолаа қилиб боришни тўғри йўл деб билади. 

– Яқинда Фёдор Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романини ўқиб, улкан таассурот олдим, – дейди у. – Натижада жиноятларни тергов қилишда муҳим саналган ижтимоий-психологик ва фалсафий қарашларим янада кенгайди. 

2022-йили вилоят ИИББ томонидан «Йилнинг энг яхши терговчиси» деб топилган. Лавҳамиз қаҳрамони хиз­матдан бўш пайтларида спорт билан шуғулланиб, фарзандлар тарбиясига эътибор қаратади.

Бир сўз билан айтганда, бор билими ва салоҳиятини ўзи танлаган соҳага бахшида этиш билан бирга, тажрибасини янада бойитиб келаётган тиниб-тинчимас бу фидойи ходим доимо олдинга интилиб яшашни чинакам бахт деб билади.

Михли САФАРОВ,

ўз мухбиримиз.

Тошкент вилояти.