Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қўшни Барчиной Юсупова ва унинг қариндоши Лолахон Акбарова жиноятни содир этишда гумон қилинди.
– Дастлабки тергов чоғида тадбиркор С. Хўжаевнинг хонадонида туну кун ишлайдиган тўртта видеокузатув камераси ўрнатилгани аниқланди, – дейди вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси катта терговчиси, катта лейтенант Нодиржон Аҳмаджонов. – Пул маблағларини ўғирлаш икки ҳафта мобайнида содир этилган. Видеокузатув камераларига юзлари беркитилган аёллар тушиб қолган.
Маълум бўлишича, жабрланувчининг оиласида эгизак ўсмир қизлар бўлган. Улар ўз таниш дўстларига қўнғироқ қилиш мақсадида қўшниси Барчинойнинг уйига тез-тез чиқиб туришган. Бир куни Барчиной ҳазиллашиб, ўғил болалар билан гаплашаётганини ота-онасига айтиб беришини айтади. Шунда опа-сингиллардан бири ўз уйига кириб кетиб, қўлида
100 долларлик пул билан қайтиб келади ва уни индамаслик эвазига қўшнисига беради.
Шу каби «операция»ни Барчиной бир неча бор такрорлайди. Бу воқеалардан унинг қариндоши Лолахон Акбарова ҳам хабардор эди. «Олтин кони» топилганини англаб етган аёллар қизлардан пулни қаердан олаётганини суриштиришади. Эгизаклар эса ҳеч бир шубҳага бормай, пулни отасининг омонатлари сақланадиган жавондан олишларини маълум қилишади. Буни эшитган аёллар қўшни уйдан пул ўғирлашни режалаштиришади. Хўжаевлар ўз хонадонига видеокузатув камералари ўрнатганини Барчиной яхши биларди. Шу боис уйга ҳижобда киришни таклиф қилади.
Ётоқхонадаги жавонни топиш қийин бўлмайди. Барчиной унинг тортмасини очиб, зич ўрамдаги доллар дасталарига кўзи тушади. Сўнгра қўлига илинган бир дастани олиб, уйни тарк этади.
Бир-икки кундан кейин «ишга» Лолахон жўнатилади. У ҳам Барчинойнинг ҳаракатларини такрорлаган ҳолда, ортига ўн минг доллар ўлжа билан қайтади.
Икковлон пулларни сарфлай бошлашди. Қимматбаҳо музлатгич, Лолахоннинг бир яшар ўғлига қиймати 3 миллион сўмдан зиёд бўлган аккумуляторли болалар автомобили сотиб олишади. Хуллас, кўнгли тусаган ҳамма нарсани харид қилишади.
Улар «осон топилган» пуллар тугаши билан қўшнининг жамғармасидан пул ўғирлаш ҳаракатларини яна бир неча бор муваффақиятли амалга оширишади. Умумий ҳисобда аёллар 93 минг доллар ўғирлашади. Жавон тортмасида ҳали сўм дасталари қолган эди. Лекин «иш» уларгача етиб бормади. Саид Хўжаев яқин оғайнисининг тўйига отланаётиб, жавонга кўз ташлайди ва долларлар ғойиб бўлганини кўриб, ваҳимага тушади. Сўнг тадбиркор ички ишлар органига мурожаат қилади.
Ўғрилар қўлга олиниб, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Борис КЛЕЙМАН,
ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.
