Кейинги вақтда маҳалла раислари учун ўтказилаётган сайловларда фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хусусан, ички ишлар органлари фахрийлари номзодини кўрсатиб, уларга кўпроқ ишонч билдиришяпти. Албатта, бунинг сабаблари талайгина.


– Биринчидан, ички ишлар органларида кўп йиллар хизмат қилиб, пенсияга чиққан фахрийлар маҳалла тизимини яхши тушунади, – дея изоҳ беради Риштон тумани ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги маёр Эминжон Обидов. – Иккинчидан, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги юқори, ҳужжатларни пухта юритишади, фуқаролар билан қандай муомала қилишни яхши билишади. Энг муҳими, халқни ўз ортидан эргаштира олишади. Шу боис фуқаролар раисликка фахрийларимиз номзоди қўйилган бўлса, ҳеч иккиланмай уларни сайлашяпти. Бизнинг туманда ҳам ўндан зиёд маҳаллада айнан соҳа фахрийлари раис бўлиб ишламоқда. Вилоят бўйича эса уларнинг сони 150 нафарга яқинни ташкил қилади.

Эминжон Обидов туман марказида жойлашган «Гумбаз» маҳалла фуқаролар йиғини раиси, истеъфодаги капитан Дилшоджон Усмонов фаолиятини бизга мисол қилиб кўрсатди. Узоқ йиллар ички ишлар органларида ишлаб, нафақага чиққан қаҳрамонимиз соҳада тўплаган бой амалий тажрибаси туфайли раисликни намунали тарзда бажариб, маҳалла аҳлининг ишончини қозонмоқда.


– Маҳалламиз ҳудудида 287 та ҳовли, 2 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, аҳоли асосан кулолчилик билан шуғулланади, – дейди Дилшоджон Усмонов. – Юзга яқин хонадон эгалари кулолчиликнинг у ёки бу йўналишида даромад топади. Бир хонадон лойдан идишлар ясаса, бошқа бир хонадон аҳли уни бўяб, гул ва нақшлар билан безайди. Айрим хонадон эгалари эса уни сотиш билан шуғулланади.


Маҳалла жиноятчилик жиловланган «яшил» тоифадаги ҳудудлар рўйхатига киритилган. Бу ютуқнинг сабаби шундаки, аввало, маҳалла раиси профилактика инспектори, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчисини ўз атрофига жамлай олган. Улар битта бинода фаолият олиб боришмоқда. Ҳар куни эрталаб, маҳалла идорасида тўпланиб, кунлик бажариладиган ишларни ўзаро маслаҳатлашиб, тақсимлаб оладилар.

Жорий йил бошидан «фуқаробай», «хонадонбай» усулидаги ўрганишлар тўғри йўлга қўйилиб, аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдам бериш, фуқароларни иш билан таъминлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди. Масалан, маҳаллада истиқомат қилувчи Манзурахон Қосимова ҳамда Зироатхон Юсупованинг оилавий аҳволи ўрганилиб, уларни ўз уйида иш билан таъминлаш мақсадида томорқасига субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди. Қўлида тикувчилик ҳунари бор 6 нафар аёлга эса тикув машиналари берилди. 1 нафар фуқарога пайвандлаш ускунаси олиб берилиб, унинг бандлиги ҳам таъминланди.

Маҳаллада амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Эътиборлиси, маҳалла оқсоқоли эрта тонгдан то қош қорайгунча ўз маҳалласида, халқ дарди билан андармон.


Нуронийлар «Ҳорманг, раис!» дея унга куч-қувват тилайди. Ёшлар қўллари кўксида салом бериб ўтадилар. Маҳалла идорасига бирор муаммо билан келиб, мушкули осон бўлган фуқаролар эса, «Отангизга раҳмат, раис» дея алқаб, миннатдорлик билдириб кетади.


Бизнингча, чинакам элпарвар ва фидойи маҳалла раиси шундай бўлиши керак.


Абдувосит СИДИҚОВ,

«Постда» мухбири.

Фарғона вилояти.


Суратда: Риштон тумани ИИБ Фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги маёр Эминжон Обидов, «Гумбаз» МФЙ раиси, истеъфодаги капитан Дилшоджон Усмонов ҳамда профилактика катта инспектори, капитан Нодиржон Иброҳимов.