Кун қаҳрамони
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги «Кўк гумбазлар» истироҳат боғидан ўтиб кетаётган икки фуқаронинг кўзи ўриндиқлардан бирида қолдириб кетилган сумкага тушади. Улар шу атрофда хизмат вазифасини ўтаб юрган туман ИИОФМБ 4-ИИБ профилактика инспектори, лейтенант Азизбек Анваровга мурожаат қилишади.
Ходим сумкани ҳалиги фуқаролар ҳамда шу атрофда хизмат вазифасини ўтаб юрган Миллий гвардия ходими иштирокида очиб кўради. Сумка аёл кишига тегишли бўлиб, ичида уй калитлари, ҳужжатлар, 1000 АҚШ доллари, 760 000 сўм ҳамда тилла тақинчоқлар бор эди. Инспектор сумкани Миллий гвардия ходимига топшириб, тезда уни унутиб қолдирган фуқарони топишга киришади.
Шу яқин атрофдаги одамлардан сўраб-суриштиради. Улардан бири қора куртка кийган аёл Тошкент универсал дўкони томон кетганини айтади. Ходим тезда дўкон орқасидаги автобуслар бекатига бориб, фуқарони паспорти орқали қидира бошлайди. Буни қарангки, ҳалиги аёл автобусда ўтирган экан. Инспектор уни истироҳат боғига бошлаб келиб, холислар иштирокида нарсаларини бус-бутун ҳолда топширади.
Сумка эгаси пойтахтимизга Самарқанд вилоятидан келган меҳмон бўлиб, истироҳат боғида бироз ўтириб, нафасини ростлагач, сумкасини шу ерда унутиб қолдирган экан. У сумкасини топиб олган фуқароларга ҳамда ҳушёр инспекторга миннатдорлик билдирди.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
