Касб фидойиси

Катта сержант Охунжон Ҳайитов вилоят ИИБ ЖХХ ЖЦБ патрул-пост хизмати баталонида хизмат қилаётганига ҳам ўн икки йилдан ошди. Ўтган даврда у ўз устида ишлаб, соҳага оид билим ва кўникмаларини бойитди. Айни пайтда баталоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-оммавий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш отряди гуруҳ командири лавозимида фаолият кўрсатмоқда. 

 Яқинда О. Ҳайитов шогирди, сафдор Абдулазиз Абдуллаев билан Бухоро шаҳридаги деҳқон бозори атрофларини кўздан кечириб юрган пайтда “пайнет” шохобчаларидан бирининг сотувчиси уларга мурожаат қилиб қолди. Гап шундаки, нотаниш бир фуқаро пластик картасига 550 минг сўм пул туширтириб, сўнг пулларни бермасдан кетган экан. Ҳушёр ходимлар дарров нотаниш фуқаронинг ташқи кўриниши, ёши ва шунга ўхшаш белгиларини сўраб олгач, излашга тушишади. Шубҳали шахс ҳали деҳқон бозоридан кетиб улгурмаган экан. Уни ушлаб шахсига аниқлик киритилганда, Навоий вилояти Кармана тумани “Зарафшон” маҳалласида яшовчи О.Ф. бўлиб чиқди. Унинг шу каби тамагарлик ҳолатларини бир неча бора содир қилганлиги маълум бўлди. Ҳозирда унга нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда.

 Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.