Қимматли вақтини фойдали машғулотларга – билим олишга, касб-ҳунар эгаллашга сарфлаётган ёшларимиз талайгина. Улар келажакда албатта ҳаётда ўз ўрнинин топиши, танлаган соҳаларида юксак чўққиларни забт этиши шубҳасиз. Таассуфки, бунинг ўрнига қинғир йўлни танлаётганлари ҳам учраб туради.
Навоий вилоятининг Томди туманида истиқомат қиладиган икки йигит ўзаро тил бириктириб автотураргоҳга келишади. Уларнинг мақсади машиналарнинг салонидаги қимматбаҳо буюмлар ва пулларни ўмариш эди. Шунинг учун олдиндан тайёрлаб келган қўлбола мослама билан машиналардан бирининг эшигини очиб, пуллар ва буюмлларни олаётган пайтда йўлда ҳаракатланиб кетаётган автобус ҳайдовчиси кўриб қолади. У ўғриларни тутишга ҳаракат қилади. Аммо йигитлар қочишга улгуради.
Шундан сўнг ҳушёр ҳайдовчи бу ҳақда туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар беради. Ходимларининг тезкорлиги туфайли ҳар иккала йигит ҳам қўлга олиниб, қонун ҳукмига топширилди. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
