Хоразм вилоятида “Янги Ўзбекистоннинг шижоатли аёллари!” шиори остида ички ишлар органлари хотин-қизларининг В Республика форуми кўтаринки руҳда давом этмоқда.
Ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда касбий фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини кенг намоён этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли фармойишига мувофиқ 2–4 март кунлари мазкур форум ташкил этилди.
Форум доирасида тизимда самарали хизмат қилаётган хотин-қизларнинг касбий маҳоратини мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ўзаро фикр алмашиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, қадимий ва бетакрор Хива шаҳридаги Ичан-Қалъа тарихий мажмуасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Тарихий муҳитда ўтган билимлар беллашувида республиканинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 18 та жамоа иштирок этди.
Интеллектуал ўйин жараёнида иштирокчилар ўз билим ва тафаккури, тезкор фикрлаш қобилияти, жамоавий ҳамкорлик кўникмаларини намоён этдилар. Беллашув соғлом рақобат, дўстона муҳит ва кўтаринки кайфиятда ўтди.
Таъкидлаш жоизки, бундай форумлар ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг нафақат касбий, балки маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ўз мухбиримиз,
Хоразм вилояти.
