Бугунги кунда ҳар бир соҳа янги тизимга ўтмоқда. Очиқлик, шаффофликнинг таъминланишига ҳаракат қилинмоқда. Шахс тушунчаси кенгроқ тушунилиб, инсонга олий қадрият сифатида қаралмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиради. 

Албатта, ҳозирги шиддатли тараққиёт асрида ички ишлар органларининг фаолиятини инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда ташкил этиш мамлакатимизда ҳуқуқ-тартиботни янада мустаҳкамлашда муҳим омил саналади. 

Ички ишлар органларининг ҳар бир ходими жамоатчилик олдида чиқиш қилиш қоидаларини яхши ўрганиши, нутқ маданияти устида ишлаши, далиллаш техникасини амалиётда қўллай олишни билиши зарур. 

Яна бир муҳим жиҳат шуки, можароли вазиятларда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан тўғри мулоқот қила олиш ҳам тизим имижини оширишда катта аҳамиятга эга. Қолаверса, ички ишлар органи ходими вазиятни чуқур таҳлил этган ҳолда тезкор қарор қабул қилиш ҳамда стратегик режалаштириш кўникмаларини эгаллаган бўлиши, онлайн муҳитда масъулиятли ҳаракат қилишни ўзида шакллантира олиши эътиборга моликдир.

Назаримда, буларнинг барчасида, аввало, билим ва кўникма, муомала маданиятини яхши эгаллаш талаб этилади.

Беруний АЛИМОВ, 

филология фанлари доктори, журналист, таржимон.