Тошкент шаҳар мажбурий даволаш наркология шифохонасида даволанаётган хотин-қизлар билан очиқ ва самимий учрашув ташкил этилди. Унда Бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Махкамова, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари У.Абдуллаева, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Султанова, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Абдуллаева, Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ бошқарма бошлиғи ўринбосари Ш.Норматова ҳамда бошқа тегишли соҳа масъуллари иштирок этиб, даволанаётган хотин-қизлар билан бевосита мулоқот олиб бордилар.
Учрашув Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Мулоқот жараёнида хотин-қизларнинг мурожаат ва таклифлари тингланиб, уларнинг соғлигини тиклаш, психологик қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳаётга қайта мослаштириш ҳамда келгусида турли ҳуқуқбузарликларга йўл қўймасликка қаратилган манзилли тавсиялар берилди.
Шунингдек, масъуллар томонидан ҳар бир хотин-қизнинг ҳолатини алоҳида ўрганиб чиқиш, уларни қўллаб-қувватлашга доир индивидуал чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ топшириқлар белгиланди.
