– Биз тарафларда шамол жуда кучли эсади. Айниқса, қиш кунлари электр симларини узгудек шиддатга минади. Ўшанда, эсимни таниб қолган пайтим саккиз ёшли бола эдим. Кечаси қаттиқ шамол эсганидан уйқум келмай, дадамни интиқлик билан кутиб, деразадан ташқарига тикилиб ётардим. Тун ярмига етиб қолса ҳамки, дадам келавермасди.
Шамол ўрик новдаларини у ёқдан бу ёққа юлқилаб ўйнар, увиллаб қўрқинчли товуш чиқарарди. Ёнимда эса Санжар акам ётарди. Биламан – у ҳам дадамни сабрсизлик билан кутарди. Отам уйга келганида, акам дарров унинг бош кийимига эга чиқарди. Мен бўлсам погонларини томоша қилишни яхши кўрардим. Улардаги ялтираб турадиган юлдузчаларни тилладан бўлса керак деб, ўйлардим..., – дея болалик йилларини хотирлайди Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Сирожиддин Дадабоев.
Унинг отаси Сарвар Ғафуровни умуман, Ғафуровлар сулоласини Ховос, Боёвут туманлари, Ширин шаҳрида яхши билишади. Боиси, ушбу сулола вакиллари маҳаллий давлат бошқаруви органларида масъул лавозимларда элга хизмат қилишган. Сарвар Ғофуров Қуролли Кучлар сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, дастлаб Боёвут тумани ИИБ Қўриқлаш бўлимида ишлади. Кейинроқ «1-Боёвут» маҳалласида участка нозири сифатида фаолият кўрсатди.
Орадан ҳеч қанча ўтмай ўзининг интилувчанлиги, серғайратлиги билан раҳбариятнинг эътиборини тортган ёш ходим туман ИИБ ЖҚБ катта тезкор вакили этиб тайинланди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари иқтисодий қийинчиликлар бўй кўрсатган, жиноятчилик авж олган, қонунийликни таъминлаш қийин бўлган мураккаб давр эди. Жамоат жойларида уюшган жиноий гуруҳлар вакилларининг бебошликлари учраб турарди.
Бир куни уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бир неча уйларда, кафе ва ресторанларда талончилик жинояти содир этгани тўғрисида тезкор маълумотлар келиб тушди. Ички ишлар органлари ходимлари уларнинг изидан тушишди. Лекин жиноятчилар ҳам анойилардан эмасди, тутқич бермасди. Ва ниҳоят, мазкур жиноий тўда Боёвутнинг катта савдо марказларидан бирини талон-торож қилишни режалаштираётгани тўғрисида тезкор хабар олинди. Капитан Сарвар Ғафуров бошчилигидаги Жқбнинг тезкор вакиллари уларни пистирмада пойлаб туришди. Талончилар тўдаси ярим кечадан ўтганда универсал дўконнинг орқа эшигини бузиб, ичкарига кириб кетишди. Орадан 15 дақиқалар ўтиб, аллақанча нарсаларни олиб чиқиб, машинага орта бошлашди. Лекин юк машинаси жойидан силжишга улгурмади. Тезкор ходимлар тезкорлик билан жиноий тўдани қўлга олди.
Кейинчалик Сарвар Ғафуров Боёвут тумани ИИБ бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари, шахсий таркиб билан ишлаш бўйича муовини лавозимларида хизмат қилиб, 2018-йилда подполковник унвонида иззат-икром билан пенсияга чиқди. «От изини той босар» деганларидек, ҳозирда икки ўғли ота ишини давом эттиришмоқда.
Сирожиддин Дадабоев Боёвутдаги саноат-қурилиш коллежини тугатгач, армия сафига чақирилди. Муддатли ҳарбий хизматни Ҳаво-десант қўшинларида ўтади. Сўнг Гулистон давлат университетига ўқишга кирди. 2021-йили олий таълим муассасасини тугаллагач, ички ишлар органлари хизматига қабул қилинди.
Ҳозирда профилактика инспектори сифатида фаолият кўрсатаётган Муқимий номидаги маҳалла ҳудудида 4500 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Эътиборлиси, 2023-йилда маҳалла «яшил» тоифали ҳудудга ўтказилди. Бунга «маҳалла еттилиги»нинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди, албатта.
«Хонадонбай» ишлаш тизими жорий қилингач, аҳолининг муаммолари бартараф этила бошланди. Натижа ўзини кўп куттирмади. Одамларнинг дунёқараши ўзгарди. Маҳаллада кичик бизнес ривож топди. Бир неча сотихли иссиқхоналарда резавор, сабзовотлар етиштирган айрим хонадонларнинг топиш-тутишига барака кирди. Уларга ҳавас қилганлар ҳам ҳаракатга тушиб қолди.
Бу ишларга профилактика инспектори ҳам ўз ҳиссасини қўшди. У 16 та жиноятга мойил, низоли оилага кредит ажратилишига кўмаклашди. Улар бу пулларга чорва моллари, иш қуроллари, иссиқхоналар харид қилишди. Натижада иш билан таъминланишди. Қарабсизки, муаммолари камая бошлади. Бандлик таъминланган, муаммолар ҳал этилган жойда эса жиноятчилик ҳам камайиши табиий.
Профилактика инспекторининг елкасидан жуда катта масъулият босиб туради. У ҳудуддаги жамоат тартиби сақланиши, аҳоли хавфсизлиги учун масъул. Сирожиддин буни яхши тушунади. Лекин жамоат тартибини бузадиганлар учраб туради. Уларни бир неча гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчиси—спиртли ичимликка муккасидан кетганлар. Иккинчиси—ёш-яланг, завқ-шавққа тўла йигитлар. Учинчиси—бетайин турмуш тарзига одатланган, оиласига ҳам, жамиятга ҳам бефарқ инсонлар. Сирожиддин мана шундай тоифадаги барча шахсларни профилактик ҳисобга олиб юради. Айниқса, эндигина катта ҳаётга кириб келаётган ёшлар унинг диққат-эътиборида. Боиси, айни ҳамма нарсага қизиқадиган ёшда улар хато йўлга кириб кетиши ҳеч гапмас. Бунинг олдини олиш учун доим ёшлар орасида бўлишга ҳаракат қилади. Ҳудуддаги иккита умумтаълим мактабига тез-тез бориб туради. Турли мавзуларда давра суҳбатлари уюштиради. Шунинг учун ёшлар уни яхши таниб қолишган. Инспектор сифатида унга ҳурмат билан муносабатда бўлишганидан фахрланади.
Катта сержант Санжар Дадабоев эса, мана, бир неча йиллардан бери Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ Маъмурий амалиёт бўлимида катта инспектор сифатида фаолият кўрсатади. ИИВ Академиясининг Сержантлар тайёрлаш олий курсини тугатган. Ҳозирда Гулистон давлат университетининг 4-курсида сиртдан таҳсил оляпти. Уни ҳамксблари ўз ишига масъулиятли бўлгани учун ҳурмат қилишади.
Айниқса, жамоат тадбирлари ўтказилаётганда автомобиллар ҳаракатини тартибга солишда доим жонкуяр. Шу боисдан Наврўз, Мустақиллик байрамларида уни энг масъулиятли участкага тайинлашади. Мана шундай пайтларда йўлларда тирбандлик пайдо бўлмаслиги, Йтҳларнинг олди олинишига катта эътибор қаратади. Хушмуомалалиги сабабли ҳайдовчиларнинг ҳам ҳурматига сазовор бўлган. Хизмат вазифасини ўтар экан, доим отасининг ўгитларини ёдида тутади.
Истеъфодаги подполковник Сарвар Ғафуров ҳар иккала ўғлидан мамнун. Уларни ҳар доим «Менинг қўш қанотим» деб алқайди.
Абдураҳмон
МУСТАФОҚУЛОВ,
ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
