У 1949-йил 30-мартда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний шаҳрида маориф фидойилари — Раҳмон­берди Каримов ҳамда Раҳима Алимовалар оиласида туғилган. Зиёли оилада ўсган, болалигидан илмга чанқоқ бўлган қаҳрамонимиз Тошкент шаҳридаги 42-сонли ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ, ўз олдига катта мақсадларни қўйганди.  

Таълим даргоҳини кумуш медал билан тугатгач, Тошкент давлат университетининг физика факултетини имтиёзли диплом билан тамомлайди. Москва давлат университетининг Дубна шаҳридаги ядро физикаси факултетида дипломолди амалиётини ўтаркан, унинг кўнглида янги мақсадлар пайдо бўлади. 1971–1974-йилларда Ўзфа Ядро физикаси институти аспиранти бўлган лавҳамиз қаҳрамони 1975–1980-йилларда Екатеринбург шаҳридаги Урал университетининг фалсафа факултетида сиртдан ўқиган. 

Меҳнат фаолиятини Ўзфа Ядро физикаси институти кичик илмий ходими сифатида бошлаган Бахтиёр Каримов илмий ходим, катта илмий ходим, бўлим бошлиғи лавозимларида ишлади. 1994–1996-йилларда Ўзфа Илмий ўқув марказининг директор ўринбосари лавозимида ишлаган 

Б. Каримов 1996–2001-йилларда ИИВ Академиясининг фалсафа кафедраси мудири, ил­мий-тадқиқот бўлими бошлиғи, Ўзбекистонда демократик жамият қу­риш назарияси ва амалиёти кафед­раси мудири сифатида фаолият юритди. Ибратли ишлари ҳамда изла­нишдан тўхтамаслиги билан кўпчиликка намуна бўла олган таниқли олим Ўзбекис­тон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва мин­тақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи ҳам бўлган. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасидаги масъулиятли вазифаларда унга ишонч билдирилган. 

Б. Каримов ҳамон илм олишдан тўхтамайди. У 2020-йилда Ўзбекистон миллий университетининг хорижий филология факултетини муваффақиятли тугатган. 2022-йилда Москва халқаро академияси тилшунослик ва педагогика факултети магистратурасини битириб, 2023-йилда Москвадаги Синер­гия университетига «Сунъий интеллект» ихтисослиги бўйича ўқишга кирди. Ушбу мисолларнинг ўзиёқ биз ҳикоя қилаётган инсоннинг қанчалар илмга ошнолигини кўрсатади. 

«Дадажонимиз жуда талаб­чан. Ёш авлодга ҳар томонлама намуна қилиб кўрсацак арзийди. Қўллари­дан ҳалигача китоб тушмайди. Бир сўз билан айтганда, оилапарвар, меҳрибон инсон ва ҳақиқий илм фидойиси. Бизни, невараларини зиё олишдан тўхтамасликка мунтазам чорлаб келади!» – дейди бир неча йил ички ишлар органларида эркин ёлланган ходим сифатида ишлаган келини Шаҳноза Каримова.

Б.Каримов жамиятимизга кўплаб малакали шогирдлар етказиб берди. Фарзандлари ҳам отасига муносиб бўлиш ниятида фақат олдинга интилган. 

У турмуш ўртоғи Мухтабар ая билан тўрт ўғил, бир қизни вояга етказган. Учинчи ўғли Ойбек Каримов ички ишлар органларида хизмат қилиб, Учтепа тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари лавози­мидан подполковник унвонида пенсияга чиққан. Ҳозирда тадбиркорлик билан шуғулланади. Қизи Умидахон илмий ишлар билан машғул бўлса, қолган фарзандлари тадбиркорлик йўна­лишидан кетишган.

Ўн етти невара, икки нафар эваранинг бобожониси, мўтабар 75 ёшни қаршилаш арафасида турган таниқли ўзбек олими Бахти­ёр Каримов ҳозирда Ўзфа Шарқшунослик институтининг етакчи илмий ходими сифатида фаолиятини давом эттирмоқда. 

Ҳа, илмнинг фазилати буюк бўлиб, инсон ҳаётида жуда аҳамиятлидир. «Илм инсонни улуғлайди!» деган нақл бежиз айтилмаганлигига Бахтиёр Каримов сингари етук олимларимизнинг ибратли ҳаёти далил бўлса, ажаб эмас.


Аброр ПОЁНОВ,

ўз мухбиримиз.