Ўрганишлар натижасида сувга чўкканларнинг 2/3 қисми (60 фоиздан кўпроғи) спиртли ичимлик ичган кишилар бўлиши аниқланди. 

Яқинда сувга чўкаётган фуқаро қутқарилганда, у спиртли ичимлик таъсирида шу ишга қўл ургани аниқланди. Воқеа пойтахтимизнинг Учтепа туманида содир бўлди. Туман ИИОФМБ Навбатчилик қисмига соат тунги тахминан 03:50 лар атрофида Учтепа тумани ҳокимияти постида хизмат олиб бораётган туман Қўриқлаш бўлими сафдор ходими С.Жўрахонов номаълум фуқаро «Бўзсув» каналига ўзини ташлаганлиги юзасидан хабар беради. Воқеа жойига зудлик билан Қўриқлаш отряди, ИИОФМБ тергов-тезкор гуруҳи ходимлари етиб боради. 

– Бир фуқаро чўкаётган одамни қутқаришга уринаётганини, аммо кучи етмаётганини кўриб мен ҳам дарҳол ўзимни сувга отдим, – дейди Қўриқлаш бўлими Хизматни ташкил этиш гуруҳи катта инспектори, 

капитан Сарварбек Мелиқўзиев. – Фуқаро тинмай «Ўлишни истамайман, илтимос, қутқа­ринг!» деб бақирарди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сувда чўкаётган одамни қутқариш учун қутқарув анжомлари ва қа­йиқлардан фойдаланилади. Улар бўлмаганда эса қутқарувчи хавфсизлик чораларини билиш талаб этилади. Агар чўкаётган одам ҳушини йўқотган бўлса, уни сувдан олиб чиқиш анча қулай. Лекин ҳушини йўқотмаган бўлса, саросима ва ваҳимага тушган ҳолда қутқарув­чига қаттиқ ёпишиши, уни ҳам сув остига тортиб кетиши мумкин. Қаҳрамонимиз бу борада барча жисмоний маҳоратини ишга солди ва қисқа фурсат ичида чўкаётган фуқарони қутқариб қолишга муваффақ бўлди. 

Биламизки, ўлим ҳолати фақатгина сувда эмас, балки жабрланувчи сувдан олиб чиқилгандан сўнг ҳам кузатилиши мумкин. Жонлантириш тадбирларининг ижобий натижаси уларнинг тўғри ва ўз вақ­тида кўрсатилишига боғлиқ. Шу боис Тез тиббий ёрдам ходимлари фуқарога биринчи ёрдам кўрсатиб, уни Рес­публика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишди.

– Олиб борилган суриштирув­лар натижасида ўзини сувга ташлаган фуқаро шу туманнинг «Бешқайрағоч» маҳалласида истиқомат қилувчи С.Валижонов эканлиги маълум бўлди, – дейди Учтепа тумани ИИОФМБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Шарапат Кудияров. – Унинг умр йўлдоши билан суҳбатлашганимизда, оилада ҳеч қандай зиддият юзага келмаганини айтди. Сўнгги пайтларда С.Валижонов спиртли ичимлик истеъмол қилаётгани ва мастлик натижасида ўзини назорат қилолмаётганини баён қилиб, бу ҳолат ҳам ичкилик таъсирида бўлганини билдирди. Турмуш ўртоғини қутқариб қолганларга алоҳида миннатдорлик билдирди. 

Дарҳақиқат, ичкиликбозлик, спиртли ичимликларга тобелик инсоннинг танасини ғариб, руҳини хаста қилади. Юқоридаги ҳолатдан ҳар ким ўзи учун тўғри хулоса чиқариб олса, ажабмас...

Адолат ФАЙЗИЕВА,

ўз мухбиримиз. 

Тошкент шаҳри.