Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Нукус шаҳридаги овқатланиш жойларидан бирига кирган фуқаро О.Р. зарур эҳтиёж туфайли қисқа вақтга ташқарига чиқади. Қайтиб келганида эса столда ҳужжатлари билан бирга қолдирган «Самсунг А-52» русумли уяли телефони йўқлигини кўриб бошидан ҳуши учди.
Ҳолат юзасидан Ички ишлар бўлимига келиб тушган мурожаат бўйича воқеа жойига етиб борган гуруҳ таркибида кинология бўлинмаси кичик инспектор-кинологи, сафдор С.Сарсенбаев ҳам бор эди. Гувоҳлар топилавермагач, у ўзига бириктирилган «Граф» лақабли хизмат ити билан жиноят жойидан қидирувни бошлади. Натижасида ушбу ўғирликни Нукус шаҳрида яшовчи Е.М содир қилгани аниқланди.
Шунингдек, Нукус тумани «Бақаншакли» Офйда яшовчи фуқаро А.А. Ички ишлар бўлимига қилган мурожаатида кечаси уйидан велосипедини кимдир ўғирлаб кетганини маълум қилди. Воқеа жойига катта сержант Ж.Ҳабибуллаев ўзига бириктирилган «Дароз» лақабли хизмат ити билан чиқиб, ўғриликни содир этган шахсни топишга муваффақ бўлди. Аниқланишича, шу туманда яшовчи К.А. маст ҳолда жиноятга қўл урган экан.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ЖЦБ Кинология бўлинмаси ходимлари ҳудудларда содир бўлган жиноятларни қисқа вақтларда фош этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Хусусан, ўтган йили 416 марта жиноят жойларига чиқилиб, 281 та жиноят хизмат итлари иштирокида очилишига эришилди.
Шунингдек, кинолог ходимлар томонидан жамоат тартибини сақлаш, хуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш мақсадида 1062 марта кўча ва жамоат жойларида, 184 марта бозорларда пиёда патруллик нарядлари ташкиллаштирилган бўлса, 350 марта оммавий тадбирларда хизмат олиб борилган.
Ҳамкасбларимиз мамлакат миқёсида ўтказилаётган кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Жумладан, 2023-йилнинг 23–25-ноябр кунлари Бухоро вилоятида ўтказилган «Аълочи кинолог» кўрик-танловида кинология бўлинмаси кичик инспектор-кинологи, сафдор Айдос Абдиреймов спорт тўсинида тортилиш машқида фахрли учинчи ўринни эгаллаган бўлса, барча шартлар бўйича умумий кўрсаткичлар жамланганда жамоамиз иккинчи ўринни қайд этиб, медал ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шарапат УТЕПОВ,
катта сержант.
Қорақалпоғистон Республикаси.
