Бугун ахборот технологиялари даври бўлганлиги сабабли ижтимоий тармоқлар орқали дўстона мулоқот қила олиш имконияти бор. Лекин ҳамма ҳам дўст бўла оладими? 

Яқинда бир танишимга нотаниш кимса ижтимоий тармоқ орқали ўзини Аделина Муҳаммад деб таништирибди. Сўзларига қараганда, у 61 ёшда бўлиб, Лондонда яшаркан. 

Янги дўст 2016-йил 16-август куни эрини йўқотибди, ўзи ҳам узоқ вақтдан бери саратон касаллиги билан курашиб келаётган экан. Шифокорлар унга яна бир неча ой умри қолганини айтишибди. 

«Соғлиғим ёмонлиги туфайли фарзанд кўрмадим. Асли Индонезияданман. Она юртимга бева-бечоралар, камбағаллар учун икки миллион доллар юбордим. Қолган икки миллион долларни сизга юбораман. Марҳум эримнинг кўрсатмаси бўйича юртингиздаги камбағалларга, етимларга ва беваларга тарқатинг. Уларга дини, ирқи, миллатини камситмаган ҳолда муносабатда бўлинг», – дебди. 

«Текин луқма фақат қопқонда бўлади», – дедим. Ижтимоий тармоқда фирибгарлар содда одамларнинг шахсий маълумотларини билиб олгач, унга тегишли бўлган пластик карта ёки банк ҳисобварағидаги пул маблағларини ечиб олишаётганини айтиб, танишимни огоҳликка чақирдим.

У менинг маслаҳатимга амал қиладими ё йўқ, билмайман...

Гўзал ЖАФАРОВА,

ўз мухбиримиз.