Дастлаб мактабдаги эркин кураш тўгарагига қатнашиб, спортга қизиқиши ошган Миршоджон солиқ коллежида таҳсил олаётганида Бухоро шаҳридаги «Умид» клубида мураббийи Ҳомид Раҳматовга шогирд тушиб, бокс билан шуғулланди. Шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилган мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтагач, 2022-йил ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлигига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, 7536-ҳарбий қисмда махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводида катта мута­хассис лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. 

– Оддий аскар Миршод Шаропов қобилиятли, ўзига нисбатан талабчан ходим, – дейди ҳарбий қисм Тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлинмаси бошлиғи, подполковник Элёр Ғаффоров. – Унинг ютуқларини икки йил давомида кузатиб келаман. Эришган ютуқлари арзигулик. Мисол учун айтадиган бўлсак, 2023-йили Тошкент шаҳрида ўтказилган ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонлиги­нинг бокс бўйича биринчилигида ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади. Яқинда жанговар самбо бўйича Қоровул қўшинлари қўмондони кубогида ҳам фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. 

Бундай ютуқларга эри­шишда, албатта, устозларининг хизмати катта. Спорт соҳасида Ҳомид Раҳматов, Азамат Эргашовларнинг, касб соҳасида эса маёр Нуриддин Жўраев, капитан Адиз Равшановларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқлари асқат­моқда. 

– Кимки яхши ният қилиб, мақсад сари қатъийлик билан интилса, у, албатта, муродига етади, – дея таъкидлайди лавҳамиз қаҳрамони. 


Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.