Ёшлар – келажак бунёдкори
Шовот тумани ИИБ Пробация гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Эргашбой Ортиқов жиноий-ҳуқуқий соҳадаги қонунчилик ижросини таъминлаш, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан чиқарилган суд ҳукм ва ажримларининг ижросини таъминлаш борасида бир қатор самарали ишларни амалга оширмоқда.
– Ҳозирда туман ИИБ Пробация гуруҳида 128 нафар маҳкум ҳисобда туради, – дейди қаҳрамонимиз. – Улардан 37 нафари ахлоқ тузатиш ишларига, 16 нафари озодликни чеклаш жазосига, 1 нафари эса мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган. Шунингдек, 2 нафари шартли ҳукм қилинган, 25 нафари муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ва 47 нафари муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган. Ҳисобда турган шахслар билан мунтазам равишда профилактик тадбирлар олиб борилгани боис 39 нафар маҳкум жазо ўташ даврида ўзининг ижобий томонларини кўрсатиб, тузалиш йўлига кирди ва белгиланган жазодан муддатидан олдин озод этилди. Судлар томонидан белгиланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб юрган 9 нафар маҳкумнинг жазоси эса озодликдан маҳрум қилиш жазо турига алмаштирилди.
Гуруҳ ҳисобида турган шовотлик Н.К. суд томонидан тайинланган жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб, яшаш манзилини тарк этганлиги аниқланди. Ушбу маълумотлар бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида унга нисбатан қидирув эълон қилинди. Катта лейтенант Эргашбой Ортиқов маҳкумнинг қайси манзилда яшаётганини аниқлаш учун куну тун суриштирувлар, изланишлар олиб борди. Ана шундай кунларнинг бирида Н.К. туман ҳудудида кўриниш бериб қолди. Бундан хабар топган Эргашбой Ортиқов бошқа соҳавий хизматлар ходимлари билан ҳамкорликда уни дарҳол қўлга олишди.
– Эргашбой ёш бўлса-да, зиммасидаги вазифага масъулият билан ёндашади, – дейди вилоят ИИБ Пробация бўлими бошлиғи, подполковник Ҳамид Казаков. Ҳушёрлиги, синчковлиги, ишчанлиги, боис хизмат самарадорлигига эришиб келяпти. Унинг фидойилигидан, касбига садоқатидан ёш ходимлар ибрат олса арзийди.
Лавҳамиз қаҳрамони ўтказилаётган профилактик тадбирларда пробация назорати остида турган маҳкумларнинг муаммоларини аниқлаш, ҳал этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, такроран жиноят содир этилишга йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратмоқда.
Худойберган ЖАББОРОВ,
«Постда» мухбири.
Хоразм вилояти.
Суратда: Шовот тумани ИИБ Пробация гуруҳи катта инспектори, катта лейтенант Эргашбой Ортиқов.
