Юридик фанлар доктори, профессор, истеъфодаги полковник Ҳожимурод Тўхтамуродович Одилқориев илмий доираларда давлат ва ҳуқуқ назарияси, шунингдек, конститусиявий ва халқаро ҳуқуқ соҳаларининг йирик мутахассиси сифатида танилган. Бугун етмишинчи довон қаршисида турган атоқли олимнинг умр йўллари эса ўзига хос бир мактабдир. 

Ҳ. Одилқориев қирқ беш йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзини тажрибали ва юқори малакали педагог, мамлакатимизда ва хорижда машҳур бўлган истеъдодли олим сифатида намоён этди. ИИВ Академияси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган даврида, унинг фаол кўмаги билан Академияда Докторлик диссертасияларини ҳимоя қилиш бў­йича ихтисослаштирилган кенгаш очилди. 2002–2006-йилларда Кенгаш раиси ўринбосари сифатида 45 нафар изланувчининг (8 нафари юридик фанлар доктори ва 37 нафари юридик фанлар номзоди) муваффақиятли ҳимоясига катта ҳисса қўшди.

Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси бошлиғи лавозимида ишлаган йилларда эса ички ишлар органлари учун малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб, кафедранинг касбий ва илмий салоҳияти сифат жиҳатдан сезиларли даражада ўсди. 

Етук ҳуқуқшунос олим сифатида у назарий ҳуқуқ фанининг ривожланишига катта ҳисса қўшиб, ҳуқуқ назарияси соҳасида ўзининг теран билимларини намоён этди ва илмий ҳамжамият эътирофига сазовор бўлди. Хусусан, унинг илмий нашрларда ифодаланган асосий ғоя ва хулосалари дарслик ва монографияларда, шунингдек, мустақил Ўзбекистоннинг кўпгина қонун ҳужжатларида ўз аксини топди. 1995-йилда докторлик диссертасиясини муваффақиятли ҳимоя қилган Ҳ. Одилқориэв ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти назария­си бўйича илмий мактабга асос солди. 

Ҳ. Одилқориев бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган олти юздан зиёд илмий нашрлар ҳамда ўнлаб дарсликлар муаллифидир. Унинг Ўзбекистон Респуб­ликаси Конститусияси (1992) лойиҳасини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ таркибидаги фаол иштирокини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Кейинчалик «Юридик атамалар луғати», «Юридик энсиклопедия», «Мус­тақиллик: ижтимоий-сиёсий луғат», «Конститусиявий ҳуқуқ: энсиклопедик луғат» каби илмий-оммабоп асарларга ҳаммуаллифлик қилди.

Ҳ.Одилқориев нафақат амалиётчи мутахассислар, балки ҳуқуқшунослик соҳасида олимлар тайёрлашга ҳам катта 

эътибор қаратмоқда. Ҳозирда ҳам аспирант ва изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиб, йигирмадан зиёд юридик фанлар доктори ва номзодларини тайёрлашда давом этмоқда. 

Унда истеъдодли кишиларни саралаб, уларни илмий фаолиятга жалб қилиш қобилияти бор. Шу боис Ҳожимурод ака раҳбарлигида муваффақиятли ёш олим ва ўқитувчиларнинг янги авлоди етишиб чиқди. Ақл-заковат ва чуқур юридик билимга эга бўлган устоз талаба ва магистрантларни ўқитиш ва тарбиялаш, ёш педагог ва илмий кадрлар тайёрлаш, уларга ўзининг бой, кўп йиллик касбий тажрибасини ўргатиш учун кўп вақт ва куч сарфлайди. Шу билан бирга, у нафақат илмий раҳбар, балки назарий билимлар оламининг тажрибали йўлбошчиси, ёш олимларнинг салоҳиятини шакллантирувчи, уларни илмий изланишлар, касбий ривожланиш йўлига бошловчи устоз ҳамдир.

Профессор Ҳ. Одилқориев шунчаки устоз эмас, балки ўз тажрибаси ва билимлари билан ўртоқлашиб, ёш тадқиқотчиларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга ёрдам берадиган доно йўлбошчидир. Олим уларда илмий изланиш, ҳуқуқшунослик муаммоларини ижодий идрок этиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади. Илмий маданият ва этиканинг юқори даражасини намоён этган ҳолда, илмий изланишни талаб қиладиган муаммони аниқлаб, ўз шогирдларини унинг ечимига қизиқтиришга ҳаракат қилади. У ҳамиша таҳсил олувчиларда тадқиқот кўникмаларини ва танқидий фикрлашни ривож­лантиришга ёрдам беради.

Унинг бугунги илмий фаолияти Ўзбекистон Республикаси ИИВ Криминология тадқиқот институтида юридик амалиётнинг энг ўткир муаммоларини ўрганишга қаратилган. У тадқиқотчи сифатидаги бой тажрибаси билан доимо ўртоқлашади, ёш олимларда касбий таҳлилий маҳорат ва малакаларни, танқидий таҳлил қилиш ҳамда асосли тавсиялар ва пухта ўйланган қарорлар ишлаб чиқиш қобилиятини 

шакллантиришга ёрдам беради.

Ҳожимурод Тўхтамуродовични табаррук ёши билан ҳамкасблари ва шогирдлари номидан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, ижодий зафарлар, педагогик ва илмий фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Илёс ТУЛТЕЕВ,

юридик фанлар доктори, профессор, истеъфодаги полковник.