ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Р.Турсунов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида жойлашган 10-сон Жиэкда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ва 7533-ҳарбий қисм 4-баталони назоратчиларига яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Бош бошқарма бошлиғи томонидан мавжуд шарт-шароитларини янада яхшилаш бўйича баталон камандири ва колония раҳбариятига тегишли топшириқлар берилди. Шундан сўнг колонияда жойлашган Даволаш-профилактика бўлими фаолияти билан танишилиб, бу ерда даволанаётган маҳкумлар ва шифокорлар билан суҳбат олиб борилди. Шунингдек, маҳкумлар ётоқхоналарини кўздан кечирилди.
Колониянинг маҳкумлар ошхонаси, савдо дўкони ва кутубхонасида бўлган полковник Р.Турсунов ички савдо дўконида мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари турларини янада кўпайтириш бўйича топшириқлар берди. 15000 га яқин китоблар жамланган кутубхонани кўздан кечириш чоғида эса тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бадиий китобларни янада кўпайтириш юзасидан тавсия ва таклифлар берилди.
Бундан ташқари, колония шахсий таркиби билан учрашиб, қонунийликка риоя қилиш, хизмат интизомини бузмаслик, хизмат вазифасига виждонан ёндошиш, ҳалол ва пок ишлаш лозимлиги уқтирилди.
Очиқ мулоқот руҳида кечган учрашувларда шахсий ва махсус таркибнинг кундалик маиший муаммолари ҳам ўрганилиб, ечимини топиш бўйича раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Содиқ РАҲИМОВ,
“Ростда” мухбири.
Қашқадарё вилояти.
