Жорий йилнинг 3 январ куни имзоланган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг ижросини ташкил этиш бўйича Миллий гвардия қўмондони, генерал-маёр Р.Джураев бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўз фаолиятини бошлади. Ишчи гуруҳ туман ва маҳаллалар кесимида прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъуллари билан биргаликда манзилли ишларни олиб бормоқда.
Даставвал, Бухоро ва Когон шаҳарлари, шунингдек, Бухоро туманидаги учрашувларда қарорнинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, ўтган йилда жиноят содир этилган ҳар бир маҳаллада криминоген вазиятни барқарорлаштириш, илмий-амалий ёндашувлар асосида жойларга чиққан ҳолда, мақсадли ўрганишларни ўтказиш орқали ҳуқуқбузарликларга сабаб бўлаётган асл омилларни аниқлаш ва барҳам бериш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш, маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишда “маҳалла еттилиги” ҳар бир вакилининг аниқ масъулияти белгилаб берилди.
Иккинчи куни ишчи гуруҳ Ромитан, Вобкент, Когон, Ғиждувон, Олот, Қоракўл, Жондор ва Қоровулбозор туманларининг «қизил» ҳамда «сариқ» тоифадаги маҳаллаларида криминоген вазиятни жиловлаш мақсадида алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли тадбирлар олиб борди. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан маҳалла гузарларида ёшларга яратилган имкониятлар ва шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан тегишлилиги бўйича вазифалар белгиланди.
Ишчи гуруҳнинг манзилли ўрганишлари давом этмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати.
