Ички ишлар органлари тизимидаги узоқ йиллик фаолиятим давомида ҳаётнинг жуда кўп ҳақиқатларини англадим. Чунончи, қонунбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун билим, жисмоний ва жанговар салоҳиятнинг ўзи камлик қилар экан. Яъни, касбингни севмасанг, ишингдан завқ туймасанг, кўзлаган мақсадингга эришишинг оғир кечади.
Қолаверса, нафси йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган жиноятчига қарши турмоқ, унинг зулмидан кимнидир ҳимояламоқ учун жасорат керак. Асосийси, юртни севишинг, юрагинг эл ишқида ёниши зарур. Ана шунда хизматингнинг қийинчиликлари, машаққатлари сезилмайди, олға интилишга ўзингда куч топасан.
Яна шуни англадимки, Ватан равнақи ҳамда халқ осойишталигини таъминлаш борасида қилинган меҳнат, албатта, ўз эътирофини топади. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, Президентимизнинг 24-октабрдаги «Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида»ги фармони асосида «Шуҳрат» медали билан тақдирландим. Табиийки, бу юксак эътибор кўнглимни ғурурга тўлдирди.
Кези келганда айтиш керак, соҳадаги хизматимни 2007-йилда Зафаробод тумани ИИБ Ташкилий бўлинмасида бошлаганман. Сўнг Пахтакор тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси таянч пунктлари профилактика инспектори, катта профилактика инспектори, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси бошлиғи, туман ИИБ бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилдим. 2021-йилдан буён Арнасой тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосариман.
Тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. Осойиш гўшада бола кулгуси янграйди, ота-она қалби фарзанд камолидан қувончга тўлади. Қонунни ҳимоялаётганлар элга шундайин саодатни бахш этади. Мен ана шу бахтни туйиб яшаётганлар сафидаман.
Комил ишонч билан айта оламанки, Давлатимиз раҳбарининг «Одамлар ички ишлар органининг ҳар бир ходимида ўзининг ҳимоячисини кўриши керак» деган даъвати бугун соҳанинг ҳар бир вакилининг ҳаётий шиорига айланган.
Зафар ДЎСТОВ,
Арнасой тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, маёр.
