Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасини биз ҳам катта қизиқиш билан кузатдик. Президентимиз ўз чиқишида Ўзбекистонда пойтахт билан бир қаторда, бошқа йирик шаҳарлар ҳам «ўсиш нуқталари»га айланаётганини, улар сафида Наманган шаҳри ҳам борлигини, бу ерда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганини, унинг тадбиркорлик борасида мамлакатимиз миқёсида пешқадам эканини алоҳида эътироф этди.

Яна бир эътиборли жиҳати, саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топаётган Наманган шаҳрини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклиф қилинди.

Президентимизнинг маъмурий ислоҳотлар доирасидаги муҳим ташаббуси гуллар шаҳрининг чинакамига «мегаполис» ҳудуд сифатидаги мақомини белгилайди. Бу, ўз навбатида, юртимизга, хусусан, Наманган шаҳрига инвесторлар оқимини кенгайтириш, уни хорижий сармоядорлар учун қулай шароитларга эга бўлган масканга айлантиришга туртки беради. Ёш тадбиркор сифатида бундай юксак эътибордан кўплар қатори, мен ҳам руҳландим.

2020 йилда «Асмус Голд Мегатекстил» МЧЖ ташкил этгандим. Бунда Уйчи тумани 3-сектори раҳбари, ИИБ бошлиғи, подполковник Фурқат Мирзаев яқиндан кўмаклашди. «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турганлар бандлигини таъминлаб, 150 та иш ўрни яратилди. Тайёр трикотаж маҳсулотлар ишлаб чиқара бошладик. Шундан сўнг фаолиятимизни янада кенгайтириб, 2021 йилда «Ас Мус Танҳо» ишлаб чиқариш кооперативини ташкил қилдик. Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридаги тадбиркорлар билан шартнома тузиб, маҳсулотларимиз экспортини йўлга қўйдик. Тикувчилик йўналишида ўқув маркази ташкил этиб, эҳтиёжманд аёлларнинг 40 нафарига ҳунар ўргатдик. 

Мурожаатномани ҳаяжон билан тинглар эканман, биз каби тадбиркорларга катта имкониятлар эшиги очилаётганидан, соғлом рақобат асосида шарт-шароитлар кўлами кенгайишидан қувондим.

Ҳозир Наманган муҳандислик-технология институтининг 3-босқич талабасиман. Меҳнатларим эътироф этилаётгани, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётганим мени доимо олға интилишга ундайди. 

Тадбиркорнинг ўз олдига қўйган мақсадлари эзгу бўлса, албатта, натижаси бўлади. Давлатимиз раҳбарининг биз – тадбиркорларга кўрсатаётган эътибори ва ғамхўрлиги юртимизни иқтисодий жиҳатдан юксалтиришга ҳисса қўшиши шак-шубҳасиз. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА 

ёзиб олди. 

Наманган вилояти.