Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармасида ички ишлар органлари марказий бошқарувида ИТ инфратузилмасини ривожлантириш, электрон маълумотлар алмашинуви ҳамда ахборот ресурсларидан фойдаланиш учун корпоратив тармоқ яратиш ва “Хавфсиз ҳудуд” модулъ принсипини жорий этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар вакиллари, шунингдек ДХХ, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда прокуратура масъуллари иштирокида ўтган тадбирда республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаэв сўзга чиқди ва “Хавфсиз ҳудуд” модулъ принсипи ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таъкидлаш керак, мазкур лойиҳа ишга тушириладиган бўлса, вилоятдаги барча кузатув камераларининг тасвирларини ягона марказдан кузатиш имкони пайдо бўлади. Ягона ахборот макони юзага келади. Яъни инсоннинг юзидан танувчи қурилмалар орқали уларнинг шахсига аниқлик киритиш, фуқаролар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, йўл-улов ҳодисалари ҳақида маълумот олиш, худди шундай, ички ишлар органлари пробасия хизмати назорати остида бўлган шахсларнинг назоратини масофадан амалга ошириш учун шароит яратилади.
Мазкур мақсадда профилактика инспекторлари, йўл-патрулъ хизмати, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда патрулъ-пост хизмати ходимлари планшетлар билан таъминланади. Худди шундай, ҳудудларда замонавий кузатув камералари ўрнатилиши, вилоятдаги барча яшаш манзиллари, корхона, ташкилот, муассаса, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг аниқ геохаритаси юзага келтирилиши зарур. Табиийки, мутахассислар малакаси оширилади.
Бу тадбир пировардда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятларни фош этиш, фавқулодда вазиятларда жабрланганларга ёрдам кўрсатишда тезкорликни таъминлаши таъкидлаб ўтилди. Қолаверса, модулъ ҳуқуқ-тартибот идораларининг куч ва воситаларини самарали бошқаришда қўл келади. Жиззах вилоятида “Хавфсиз ҳудуд” модулини 2022 йилнинг биринчи чорагида ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Постда” мухбири.
Жиззах вилояти.
