Жорий йил бошидан 3050 нафар шахс Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ Пробация бўлими ҳисобида эди. Ўтган икки ой давомида 542 нафари ҳисобдан чиқарилган бўлса, 198 нафари судларга киритилган тақдимномага кўра муддатидан олдин шартли равишда озод этилган. Шунингдек, ушбу давр мобайнида уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш, муаммоларини ўрганиш юзасидан қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жорий йилнинг 7-март куни Қорақалпоғистон Республикаси Иивнинг тажрибали ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан шаҳар ва туманларда хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида Қонликўл туманида амалга оширилаётган ишлар аҳволи ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари пробация назоратидаги шахслар ишлайдиган «ЛАН-C» ва «А.Алекенов» Мчжларга бориб, ишчилар учун яратилган шароитлар, меҳнат ҳақларининг ўз вақтида тўланиши ва бошқа қатор масалалар юзасидан суҳбатлар ўтказишди. Шу куннинг ўзида Пробация хизмати назорат остидаги шахслар учун психологик тренинг машғулотлари ташкил этилди.
Тренинг давомида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Шунингдек, қайта жиноят содир этишнинг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Азамат ПИРНИЯЗОВ,
ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
