Мен мустақиллик фарзандиман. Айнан 1991-йилда таваллуд топганим менга ҳар доим ўзгача фахр бахш этади. Тинчлик-осойишталик бардавом, гўзал ва бетакрор юртда камол топаётганимдан бениҳоя бахтиёрман. Мустақиллик биз ёшларга жуда кўплаб имкониятлар эшигини очди. Таълим-тарбия олишимиз учун етарлича шароитлар яратилди. Интилганга толе ёр мақоли айнан шу замин фарзандларининг буюк истиқболлари мисолида ўз аксини топаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ватаним мустақил бўлган йили 22-сентабр куни Чортоқ туманида туғилдим. Ёшлигимдан китоб ўқишга, чет тилларини ўрганишга ва спортга қизиқишим баланд эди. Ҳозир ҳам бўш вақтим бўлди дегунча, газета ва турли йўналишдаги китобларни мутолаа қиламан, спортнинг бокс тури билан мунтазам шуғулланиб келаман.
Мактаб ва коллежни тамомлагач, Наманган муҳандислик педагогика институтининг Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси факултетида таҳсил олдим. Болалигимдан ички ишлар органлари ходимларига ҳавас қилиб, шу соҳада хизмат қилишни ният қилардим. 2016-йилда орзуларим рўёбга чиқиб, эгнимга осойишталик посбонларининг шарафли хизмат кийимини кийиш бахтига муяссар бўлдим.
Ҳозирги кунга қадар, Наманган шаҳар бўйича ИИОФМБ Янги Наманган туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси «Янги Замин» маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатувчи 433-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори лавозимида ишлаб келмоқдаман.
Фаолиятим давомида ёш бўлишимга қарамай, ижобий натижаларга эришиб келаётганим боис раҳбарият томонидан ҳам кўплаб маротаба рағбатлантирилдим. Бунда, албатта, менга касб сирларини эринмай ўргатиб келаётган фидойи мураббийларим ва ҳар доим қўллаб-қувватлаб келаётган жонкуяр ҳамкасбларимнинг хизмати беқиёс.
Ўз касбимни жуда яхши кўраман, эрталабдан яхши кайфиятда ишхонам сари ошиқаман. Инсонларга фойдам тегаётганидан, она халқимга хизмат қилаётганимдан доимо фахрланаман. Фуқаролар мурожаат қилар экан, уларга берган маслаҳат, тавсия ёки ҳуқуқий маслаҳатларим эвазига миннатдорлик сўзларини эшитганимда қалбимдаги фахр ҳисси ва танлаган касбимга муҳаббатим янада ортади.
Зуҳриддин МАМАСОЛИЕВ,
катта лейтенант.
Наманган вилояти.
