Истиқлол айёми арафасида Хоразм вилояти ИИБ спорт маркази базасида спортнинг волейбол, баскетбол ҳамда мини футбол турларини янада ривожлантириш мақсадида барча қулайликларга эга бўлган воркаут мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Бир вақтнинг ўзида спортнинг кўплаб турлари билан шуғулланиш имкониятига эга бўлган мазкур спорт мажмуасининг очилиш маросимида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари, бошқарма шахсий таркиби, соҳа фахрийлари ҳамда ёш спортчилар иштирок этишди.
Тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Р. Султанходжаев иштирок этиб, йиғилганларни Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан самимий қутлади ва ушбу спорт мажмуаси ички ишлар органлари ходимлари, қолаверса воҳа ёшларининг жисмонан чиниқишида, нуфузли мусобақаларда ғалаба қозонишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди.
Тадбирда сўз олган фахрийлар бугунги кунда ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида соҳанинг моддий-техник базаси замон талабларига мос ҳолда мустаҳкамланаётгани, ушбу спорт мажмуаси ҳам ана шу эзгу ишларнинг узвий давоми эканлигини эътироф этишди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари спорт маркази базасида яратилган шароитлар ҳамда янги бунёд этилган воркаут мажмуаси билан танишишди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
ўз мухбиримиз.
Хоразм вилояти.
