Тунги соат тахминан 22:30 лар эди. Зиёфатдан чиққан Р.Б. пиёдалар йўлакчасидан уйи томон бораркан, хонадонлардан бири­нинг олдида турган «Дамас» русумли автомобилни кўриб хаёли бузилди. Унинг сало­нидаги қимматбаҳо жиҳозлар йигитчанинг нафсини қитиқлади. Аста-секин машина олдига яқинлашган Р.Б. ерда ётган тошни олиб, «Дамас»нинг ойнасини синдирди. Сўнгра кўзини қувонтирган барча буюмларни олиб, жуфтакни ростлади.

Эртаси куни бозорга тушган ҳуқуқбузар эҳтиёт қисмлар билан савдо қилувчи тадбиркорга ўмарилган «моллар»ни ўзимники дея, алдаб сотиб, пулларни эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборди. 

Олмалиқ шаҳар ИИБ Навбатчилик қисмига «сим қоққан» ҳайдовчи­нинг хабарига кўра, тергов-тезкор гуруҳи билан бирга ҳодиса жойи­га чиққан ЭКГ катта эксперти, подполковник Лутфулла Толибов ма­ши­на ойнаси ва унинг салони ичидаги қўл-бармоқ изларини олди. Вилоят ИИББ Эксперт-криминалистика марказига жўнатилган излар шахсни идентификация қилиш тизимида текшириб кўрилганида, Р.Б.га тегишли эканлиги аниқланди. Суриштирувлар давомида машинадан олинган буюмлар эгасига топширилиб, жиноятчи қонун ҳукмига ҳавола этилди.

Тинчлик-осойишталикни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тажрибали ходим йил бошидан ҳозиргача 10 дан ортиқ жиноятнинг «иссиқ изида» фош этилишида шахсий намуна кўрсатди. 

– Ҳуқуқбузарлик ҳақида қанчалик тез хабар берилса, гумондорни топиш ҳам шунчалик осон бўлади, – дейди биз билан суҳбатда у. – Боиси, жиноятга алоқадор бўлган далилий ашёлардаги излар ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган ҳолда дарҳол «тилга киради».