Дунёнинг ривожланган давлатлари сингари юртимизда ҳам сайловларни демократик тарзда ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилади. Жумладан, жорий йилнинг 24 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловларга ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Шу боисдан ҳам олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида пойтахтимиздаги 577-сайлов участкасида бўлдик.

– Юртимиз аҳолиси муҳим сиёсий жараёнлар палласида турибди, – дейди мазкур сайлов участкаси раиси Феруза Соатова. – Шу сабабли уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқини муваффақиятли амалга ошириш тарафдориман.

Бу ерда сайловчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, участка сайлов аъзолари белгиланган навбатчилик асосида фуқароларга тушунтириш ишларини олиб боришаётир. Шунингдек, ушбу сайлов участкаси керакли техник жиҳозлар, участка сайлов комиссиялари тўғрисидаги маълумотлар, сайлов участкаси хариталари ҳамда бошқа муҳим ахборотлар билан таъминланган.

Ҳудудларга бириктирилган масъуллар эса, фуқароларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтаришмоқда. Шу билан биргаликда, ҳудуд сайловчиларининг рўйхатлари шакллантирилиб, бу борада яна қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда.

Михли САФАРОВ,

“Постда” мухбири.