Оила – муқаддас даргоҳ. Унинг мустаҳкамлиги эса эру хотин ўртасидаги ўзаро ишонч ва сабр-қанот билан билан чамбарчас боғлиқ.
Аммо сўнгги пайтларда оила-турмуш доирасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар тез-тез содир этилаётгани ташвишланарли ҳолдир. Фарғона шаҳридаги “Кимёгарлар” маҳалласида содир этилган оғир турдаги жиноят ҳам айнан оилавий муносабатларнинг дарз кетиши билан боғлиқ.
Рашк туфайли турмуш ўртоғига пичоқ ўқталган йигит сал бўлмаса унинг қотилига айланиб қолиши мумкин эди. Аммо қўшниларнинг аралашуви билан фалокат аянчли тус олмади. Аёл жиддий жароҳат олгани сабабли шифохонага ётқизилди.
Вилоят ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу жиноят вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраэв иштирокида жиноят содир бўлган маҳаллада муҳокама қилинди. Мазкур жиноятнинг сабаб ва оқибатлари ҳақида сўз юритилди. Ушбу оилани вақтида ўрганиб, юзага келаётган муаммонинг олдини олмаган маҳалладаги бешлик аъзолари ҳамда мутасадди раҳбарларнинг фаолияти танқид остига олинди.
Бу турдаги жиноятлар, низоларнинг олдини олиш учун “оилабай”, “хонадонбай”, “фуқаробай” усулда ўрганишлар олиб бориш, маҳаллаларда мониторинг ўтказиб, жиноят содир этишга мойил шахслар, низоли оилаларни эрта аниқлаш ва манзилли ишлаш борасида аниқ вазифалар қўйилди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
“Постда” мухбири.
Фарғона вилояти.
