– Турмуш ўртоғим қамалиб қолди, – деди у зўрға. – Қишлоқ жойда яшаймиз, гап-сўз тез болалайди. Элнинг оғзига элак тутиб бўлмас экан. Хўжайним эҳтиёцизлик оқибатида автоҳалокат содир этди. Нариги машинадаги йўловчи вафот этган. Бутун қишлоғимизда бир гап: «Фалончи одам ўлдирибди...» 

Аёлнинг сўзи шу ерда узилди. Давоми – кўз ёш эди... Кейин ўзини зўрға қўлга олиб, яна сўзида давом этди: 

– Икки нафар фарзандим бор. Бири боғчага қатнайди, бошқаси мактабда ўқийди. Қизим: «Мактабга бормайман», – деб йиғлаяпти. Синфдошлари «Жиноятчининг боласи», – деб масхара қилишаётган экан. Яқин дугонаси ҳам гаплашмай қўйибди... 

Унга қандай ёрдам бе­ришни билмасдик. Эри қасддан одам ўлдирмаган. Бу эҳти­ёцизлик оқибатида юз берган фожиа. «Фалокат оёқ остида» дейишади-ку. Бир лаҳзалик беэътиборлик, бир сониялик хато бир инсоннинг ҳаётига нуқта қўйган. Аммо... «Фалончи одам ўлдирибди». Билиб-билмай айтилган бир оғиз сўз билан бир инсонга «қотил» деган тамға босилди. 

Энг алам қиладигани, болада нима айб? Қиз шўрлик мактабида бош кўтаролмай қолибди. «Жиноятчининг боласи» деган совуқ сўз унинг қалбига тошдек ботган. Бугун мактабга бормайман деб йиғлаётган қизалоқ эртага жамиятдан узи­либ қолмаслигига ким кафолат беради? Унинг қалбида йиғилган алам нафратга айланса, ким айбдор бўлади? 

Биз, катталар ҳар бир гапимизга жавобгармиз. «Айтилган сўз – отилган ўқ» деб бежиз айтишмайди. Боланинг кўнгли гулдек нозик бўлади. Ўйламай айтган сўзимиз билан унинг қалб ойнасини синдирмайлик, кейин бутлаш мушкул. Ҳар биримизнинг фарзандимиз борлигини доим ёдда тутайлик. 

Биз бир нарсани англашимиз керак. Маҳкумнинг фарзанди ҳам аввало бола. Унинг ҳам орзулари, умидлари, шаъни, ғурури бор. Унга тамға эмас, меҳр керак. Унга таъна эмас, далда керак. Келинг, боланинг қалбига озор бермайлик. Адо­лат судда қарор топади, лекин раҳм-шафқат – жамиятда. 

 

 Хадича ЎТАЕВА, 

 капитан.