Жиззах вилоятининг сўлим Зомин туманида туризм намойиши обектлари ва инфратузилмаси ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида 2023-йилда Зомин тумани ИИБ тузилмасида хавфсиз туризмни таъминлаш бўлими ташкил қилинган. “Зомин” туристик рекреацион зонаси ҳудудида ушбу хизмат ходимлари учун янгидан маъмурий бино бунёд этилди. Ушбу бинонинг очилишига бағишланган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ишлар вазирининг ўринбосари генерал-маёр Баҳодир Мирзараҳимов, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодировлар иштирок этишди.

Тадбирда ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-маёр Баҳодир Мирзараҳимов сўзга чиқди. Шунингдек, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-маёр Ғайрат Қодиров сайёҳлик хизматларини ташкил этишда туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритишди. Шундан сўнг рамзий боғич қирқилиб, тадбир қатнашчилари маъмурий бинода соҳа ходимлари учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди.

Таъкидлаш жоиз, Зомин туманида 150 га яқин музей, археология, архитектура, монументал санъат ёдгорликлари, маданий мерос обектлари, эко-агротуризм каби туристик инфратузилма обектлари мавжуд.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 9 ойида ушбу ҳудудда бир ярим мингга яқин хорижий ҳамда 290 мингдан зиёд маҳаллий сайёҳлар дам олишган. Келгусида Зомин тумани ички ишлар бошқармаси хавфсиз туризмни таъминлаш бўлими негизида янги ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати