Тез кунларда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмида 102 автоматлаштирилган маълумотлар тизими ишга туширилади. Шу мақсадда мазкур хизмат учун алоҳида бино тайёрланиб, замонавий алоқа ва ахборот воситалари билан таъминланди. Шунингдек, янги тизим сирларини ўргатиш мақсадида ички ишлар органлари навбатчилик қисми ходимлари иштирокида семинар ташкил этилди.

Тадбирда вазирлик Ташкилий департаменти масъуллари томонидан 102 автоматлаштирилган маълумотлар тизими тўғрисида атрофлича тушунча берилди. 102 рақамига қилинган ҳар қандай қўнғироқ илгаригидек ҳудудий ички ишлар бўлимлари навбатчилик қисмлари томонидан эмас, балки вилоят ички ишлар бошқармасидаги автоматлаштирилган маълумотлар тизими орқали қабул қилиниши билдирилди.

Эътиборлиси, замонавий алоқа ва ахборот қурилмалари ҳар бир мурожаатни рўйхатга олади. Тизим бир вақтда 3000 та қўнғироқни қабул қилиш имконига эга. Мабодо фуқаро қўнғироқ қилганида алоқа воситаси банд бўлса, навбатчилик қисми ходими гўшакни қўйиши билан тизим уни улана олмаган мурожаатчи билан автоматик тарзда боғлайди.

Семинар якунида ички ишлар органлари навбатчилик қисми ходимлари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида 102 автоматлаштирилган маълумотлар тизимидан амалда фойдаланиш сирларини ўзлаштиришди. Ҳозирда янги тизим синовдан ўтказилмоқда.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.