Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ИИ босқич талабаси Мирзабек Элмуродов уяли алоқа воситасини бир дақиқага сўраган эркакка телефонини узатди ва ўзганинг суҳбатига қулоқ тутаётгандек кўринмаслик учун четланди. Эркак гаплашиб бўлгач, ўз йўлида давом этди.

Мазкур воқеадан бир неча дақиқа ўтар-ўтмас Жиззах вилояти ИИБ ходими Мирзабек билан боғланиб, ҳозиргина унинг телефонидан фойдаланган одам қидирувдаги шахс эканлиги, ички ишлар органи ходимлари етиб боргунга қадар уни кузатиши кераклигини тушунтирди. Мирзабек иккиланмасдан рози бўлди. Аммо бу пайтда эркак кўздан ғойиб бўлганди. Шу боис у нотаниш киши кетган кўча томон чопди. 200 метр юрганидан сўнг қидираётган одамини топди ва унинг ортидан кузатиб, ярим километрча юрди. Кўп ўтмай, ички ишлар органи ходимлари гумонланувчини қўлга олишди. 

М. Элмуродов тутишга ёрдамлашган шахс Зомин туманининг «Небўса» маҳалласида яшовчи У.А. бўлиб, шу йилнинг 19-апрел куни Зарбдор туманининг «Оқбулоқ» маҳалласида истиқомат қилувчи Б.А.ни пичоқлаб, воқеа жойидан яширинганди. Ходимлар гумонланувчини тутишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширишга киришдилар. Қотилликда гумон қилинаётган эркак лавҳамиз қаҳрамонининг телефонидан фойдаланган ҳолда турмуш ўртоғига қўнғироқ қилгани аниқланди. Бу эса жиззахлик ички ишлар органлари ходимларининг Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси билан телефон орқали боғланишига сабаб бўлганди. 

Талабанинг журъати ҳар қанча таҳсинга лойиқ. 

У «Менга нима», дея қўл силташи, бефарқлик пардаси ортига беркиниши мумкин эди. Демоқчи бўлганимиз, жиноят содир этган шахсни муайян муддат кузатиб бориш ҳамда уни қўлга олаётганларга ёрдам кўрсатишга ҳар кимнинг ҳам юраги дов беравермайди.

Қисқаси, жасур йигитни тақдирлашга қарор қилинди. Университет ўқитувчи ва талабалари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, Қашқадарё вилояти Ғузор тумани «Апарди» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мирзабек Элмуродовга эсдалик қўл соати ва 5 миллион сўм пул мукофоти, шунингдек, унинг ота-онасига ташаккурнома топширилди. Худди шундай, гумонланувчини қўлга олган Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ 5-сонли Иибнинг 4 нафар ходими эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.