1976-йилда Навоий вилоятининг Нурота туманида туғилган фуқаро М.Н.нинг ноқонуний қилмиши “Қорадори-2021” тадбири чоғида фош этилди. Дастлаб унинг яшаш хонадони ертўласидан бир дона полиэтилен қопга солинган қуритилган ҳолатдаги, ўткир ҳидли, яшил тусли гиёҳвандлик воситаси топилди. Холислар иштирокида ўлчаб кўрилган, заҳри қотил 190 грамм эканлиги маълум бўлди.
Бу калаванинг учи экан, холос. Унинг ҳовлиси кўздан кечирилганида, хонадоннинг ҳар бурчагидан бу каби “топилмалар” топила бошлади. Ундан гиёҳвандлик воситаларини қаэрда етиштирганлиги суриштирилганда, ходимларни оғилхонасига бошлади. Бу ерда махсус ажратилган жойда 5 туп бўйи 2 метрдан баландроқ бўлган гиёҳвандлик ўсимлиги ўсиб ётарди. Бундан ташқари, бир неча полиэтилен қопга жойланган қуритилган гиёҳвандлик воситалари ҳам бор эди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
