Кун қаҳрамони

1991 йилда Шаҳрисабз туманида туғилган. 2014 йилда Россия Федерациясининг Волгоград Полиция академиясини тугатган. Илк хизмат фаолиятини Қарши шаҳар Ииофмбда эксперт лавозимидан бошлаган. Ҳозир вилоят ИИБ Экбда катта эксперт лавозимида хизмат қилмоқда. 

Капитан Б.Ибодуллаев жорий йилнинг ўтган даврида хацҳунослик ва ҳужжатларнинг техник криминалистик экспертизаси бўйича 85 та тадқиқот ўтказди ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларига ижобий хулосалар берди. Бу билан у жиноятлар фош этилишига ўзининг катта ҳиссасини қўшди. 

Қарши шаҳрида яшовчи фуқаро Х.Х. 2020 йил июн ойларида 0.25га ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, таниши Т.Т.ни алдаб, 65 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни қўлга киритади. У Т.Т.дан пул олгани ҳақида жабрланувчига тилхат ёзиб беради. Алданганини билгач, Т.Т. ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилади. Тергов давомида эса Х.Х. ўзи ёзган тилхатни тан олмайди. 

Ҳолат юзасидан хацҳунослик экспертизаси тадқиқотлари ўтказган капитан Б.Ибодуллаев тилхат ҳақиқатдан ҳам Х.Х.га тегишли эканлигини аниқлайди. 

Ўз хизмат вазифасига масъулият билан ёндашадиган капитан Бахтиёр Ибодуллаевнинг хизмат фаолиятида бу каби мисоллар кўплаб топилади. 

Содиқ РАҲИМОВ,

“Постда” мухбири.

Қашқадарё вилояти.