Тунги соат 02:30 лар атрофида профилактика катта инспектори, капитан Суҳроб Эргашев ўзига бириктирилган Вобкент тумани Диёр маҳалласини айланиб юрган пайтида қўшни маҳалла ҳудудидаги ҳолат ҳушёр тортирди. Яъни, Халач маҳалласига қарашли “Тошпўлат” фермер хўжалиги буғдой даласининг магистрал йўл томонида Тошкентнинг “01” рақамли “Спарк” русумли автомашина турган эди. Суҳроб машинага яқинлашди. Ҳайдовчи кўринмагани учун атрофни айланди. Ҳеч ким кўринмагач, фермерга қўнғироқ қилди. Ундан буғдойга сув олган ёки олмаганини ва ишчиларининг шундай машинаси бор-йўқлигини аниқлади. Фермернинг жавоби уни янада ҳушёрроқ бўлишга ундади. У туман ИИБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилиб, ёрдамчи куч сўрамоқчи бўлиб турганда, узоқдан бир шарпа кўринди. 

Капитан С. Эргашев ўзини таништириб, ҳайдовчига бу ерда нима қилиб юрганини ва машинанинг ҳужжатини сўради. Машинанинг ҳужжати жойида экан. 

– Қашқадарёлик фермерман. Бухоро шаҳрига кетаётгандим. Даладаги томчилатиб суғориш агрегатларига кўзим тушди. Қизиқиб бир кўрай деб тушган эдим, – деди ҳайдовчи ёлғон-яшиқларни тўқиб.

Бу жавоб шубҳа уйғотди. Чунки Бухоро шаҳрига кетяпман, деган ҳайдовчи машинасини қарама-қарши томонга қўйган. Қолаверса, насос ишламаяпти. Капитан уни бир амаллаб туман Иибга олиб бориш режасини тузди.

– Маъқул. Аммо хизмат хонамга ўцак. Қайд дафтарига киритиб қўйсак. Кейин бемалол кетаверасиз, – деди.  

“Меҳмон” машинасини қулфламоқчи бўлганда, капитан С. Эргашев чаққонлик билан:

– Ака, сизнинг машинангизда бора қолайлик. Ўзим бошқариб бораман, – деди.

“Меҳмон” “тўрга илинганини” сезиб, С. Эргашевга келишишни таклиф қилди. Ҳаттоки 500 Ақш доллари ваъда берди. Капитан “борайлик-чи, кейин ўйлашиб кўрамиз”, дея туман Иибга олиб борди ва тезкор гуруҳга топширди. Кейин у туман ИИБ бошлиғига қўнғироқ қилиб, ҳолатни тушунтирди. 

“Меҳмон” тезкор суриштирув жараёнида асли самарқандлик Д.А. эканлигини, шериклари – С.А., Т.Ў., Р.Ш. ҳамда тошкентлик сотиб олувчи, рус миллатига мансуб С.Д.лар борлигини айтиб, барча қилмишларини тан олди. Дарров осойишталик посбонлари махсус гуруҳ тузиб, қўлга олиш операциясини бошлашди. Тадбир муваффақиятли ўтди, ўғрилар қўлга олинди.

Шундай қилиб, капитан С. Эргашевнинг ҳушёрлиги туфайли бир кечанинг ўзида тўртта жиноят фош этилди. Ўғрилар томчилатиб суғориш насос агрегатлари ва электрошитларни ечиб олиб кетишаётган экан. Шундан биттаси Ғиждувон туманининг Гулистонобод маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалигидан, яна биттаси Когон тумани Когон маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалигидан, қолган иккитаси айнан Вобкент туманида содир этилганди. Бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Мазкур ҳолатлар аниқлангач, бирин-кетин республика бўйлаб содир этилган ўғриликлар очилди. Яна аниқроқ айтадиган бўлсак, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари ҳамда вилоятимизнинг Пешкў, Ромитан, Қоракўл туманларидаги ўндан ошиқ жиноятлар фош этилди.

Капитан Суҳроб Эргашевнинг бу жасорати учун вилоят ИИБ раҳбарияти пул мукофоти берди ва туман ҳокими телевизор совға қилди. 

Вобкент тумани ИИБ ҲПБ профилактика катта инспектори, капитан Суҳроб Эргашевнинг хизмат фаолияти давомида бундай мисолларни кўплаб учратиш мумкин. У 2010 йилда Бухоро давлат университетини муваффақиятли тамомлаган. Кейин уч йил тумандаги 24-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларга жисмоний тарбия фанидан сабоқ берган. 2013 йилдан бошлаб ички ишлар органларида фаолият кўрсатиб келяпти. Дастлаб вилоят ИИБ ППХ ва ЖЦБ ППХ баталъонида сафдор ходим сифатида хизмат қилган. Ҳозирда Вобкент тумани ИИБ Ҳпбда хизмат фаолиятини самарали давом эттирмоқда.

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.