Асли қизилтепалик капитан Ваҳоб Шерматов 11 йилдан буён Ички ишлар тизимида фаолият олиб бормоқда. Айни пайтда у Қизилтепа тумани Узилишкент маҳалласида профилактика инспектори вазифасида хизмат бурчини ўтамоқда. Тинчлик, осойишталикни таъминлаш учун хизмат вазифасини олиб бораётган мазкур маҳаллада 3033 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўз вазифасига масъулият билан ёндашадиган қаҳрамонимиз ҳар кунги ишини эрта тонгдан маҳалла кўчаларини кузатишдан бошлайди. Маҳаллани озода ва орасталигига алоҳида эътибор қаратади.
Ҳудудда жойлашган 29-сонли умумтаълим мактабидаги давоматни ҳар куни текширади. Дарсга қатнашмаган юқори синф ўқувчиларининг уйига бориб сабабини ўрганади. Кунлик иш режасидаги ишларни тугатгач, муаммоли оилалар, спиртли ичимликка ружу қўйган фуқаролар, эр-хотин муносабатларидаги зиддиятли масалалар билан шуғулланади. Шу билан бирга жиноят қилишга мойил шахслар билан алоҳида суҳбатлашишга ҳам албатта имкон топади.
Айни куннинг қаҳрамони Ваҳоб Шераматов ҳудуддаги пробасия ходимидан топшириқ олди. Маълумотларга кўра, Пробасия ҳисобида турган Узилишкент маҳалласида яшовчи М.Н яшаш уйида йўқлиги сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган эди. Капитан Ваҳоб Шерматов махсус тадбир уюштириб 3 кун ичида қидирувдаги фуқарони топишга муваффақ бўлди. Фуқаро М.Н ҳозирда туман Прбасия ходимлари назоратида. Тиришқоқ, ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган қаҳрамонимиз эса эл хизматида давом этмоқда.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
