11- ноябр – Касаба уюшмалари куни муносабати билан Андижон вилояти Ички ишлар бошқармасида тадбир ташкил этилди. Вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Жонибек Давронов ҳамда Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши раиси Севара Ҳошимова бошчилигида ўтказилган тадбирда вилоят ички ишлар органлари ходимлари бирлашган касаба уюшма қўмитаси аъзолари, шаҳар-туман ИИБ бошлиқларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари қатнашди.
Тадбирда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган шаҳодатланган ходимлар ва эркин ёлланган ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, барча байрам тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказилишида бирлашган касаба уюшмаси ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани, ходимлар ва уларнинг яқин қариндошлари соғлиғини тиклашида санаторийларга мунтазам имтиёзли йўлланмалар берилаётгани эътироф этилди.
Байрам муносабати билан касаба уюшмасининг бир гуруҳ фаол аъзоларига Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмасининг ташаккурномаси, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Борис КЛЕЙМАН,
ўз мухбиримиз.
Андижон вилояти.