Ҳар бир соҳанинг ўз фидойилари бор. Уларни бошқалардан ажратиб турадиган жиҳат шундаки, ўз зиммасидаги бурчга масъулият билан қарашида, ишга муносабатни биринчи галдаги юксак вазифа деб билишидадир.
Қаҳрамонимиз Абдуллажон Олимов ҳақида ҳам шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин. У 1978-йилда Тўрақўрғон туманида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ички ишлар органида ишлашни ният қилди.
Сержант Абдуллажон ўз фаолиятини 1998-йилда Наманган вилояти ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бўлими тезкор таъсир кўрсатувчи милиция отряди тезкор ротаси милиционери лавозимида бошлаган. Кейинчалик турли лавозимларда ишлаб, 2013-йилдан буён бошқарманинг Ижтимоий-сиёсий оммавий маданий тадбирларни ўтказишда хавфсизликни таъминлаш отряди оператори лавозимида хизмат қилиб келмоқда.
Абдуллажон хизмат фаолияти мобайнида тиришқоқлилигини намоён этиб, белгиланган вазифа ва топшириқларни ўз вақтида бекаму кўст бажариб келиши билан кўпчиликка ибрат бўлиб келмоқда. У ўзининг назарий билимларини, касбий маҳорати ва тажрибаларини хизматга келган ёш ходимларга ҳам ўргатмоқда.
Яқинда Наврўз байрами арафасида А. Олимов Ички ишлар вазирлигининг ИИ даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Дарҳақиқат, ушбу юксак мукофот унинг ватанпарварлиги, ўз касбига садоқат билан хизмат қилаётгани учун берилган рағбатдир.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЭВА,
“Постда” мухбири,
Наманган вилояти.
