– Жамшид ака, сиз эл эътиборидаги сухандонлардан бирисиз. Бу даражага эришишнинг ўзи бўлмагандир?
– Биласизми, касбимга жуда қизиққанман. Жамиятнинг бир бўлаги сифатида одамларга юзланганимда, доимо катта масъулиятни ҳис қиламан. Кейин эса кўнглимда шараф ҳисси барқ уради.
Фаолиятим қизиқарли таассуротларга тўла. Кўплаб таниқли ва машҳур одамлар билан учрашаман, мароқ билан суҳбатлашаман. Касбим эса жамиятнинг муҳим аъзоси бўлишимга ёрдам берди. Доим ўз устимда ишлашга, интеллектуал салоҳиятимни бойитишга, мунтазам ривожланиб боришга ҳаракат қиламан.
– Ўзи бу соҳага қизиқиш қачон пайдо бўлган? Болаликдаги оппоқ орзулар боисми ё кейинроқ бу касбни танлаганмисиз?
– Ёшлигимдан телевизор томоша қилиб ўтирганимда дикторларнинг ўктам овоз билан тадбирларни олиб боришлари, давлат раҳбарлари олдида виқор билан сўзлашларини кўриб, уларга жуда ҳавас қилардим. Бу орзу менга ҳеч тинчлик бермади. Ҳар бир боланинг қалбида истеъдод булоғи бўлади. Мана шу булоқ кўзларини очишда фидойи устозларнинг хизмати беқиёсдир. Мактабда ўқиб юрганимда, дарсларимиз тугаса ҳам, уйга кетмасдан, она тили ва адабиёт ўқитувчимизнинг олдига бориб, шу касбга оид саволларни берардим. Ўзим қизиққан мавзуларда мустақил ишлар тайёрлаб келардим. Устозимнинг тавсияларига доим амал қилардим.
– Ўзбекистон телевидениесидаги жамоадошларингиз, умуман, ижодий муҳит ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Тарихнинг буюк кашфиётларидан бири – телевизор Тошкентда яратилганини биласиз. Телевидение ўз даврида миллионлаб инсонларни ҳайратга солган, кулдирган, йиғлатган.
Йиллар ўтиб, унинг ҳар бир йўналишида устоз-шогирд анъанаси пайдо бўлди. Раъно Жўраева, Насиба Қамбарова, Мирзоҳид Раҳимов, Шуҳрат Қаюмов, Абдумўмин Ўтбосаров, Мирзоҳид Раҳимов, Дилором Умарова, Галина Мелникова каби устозлар шу соҳа фидойиларидир.
Ҳозирда давлат миқёсидаги деярли барча тадбирлар, байрам дастурлари ва консертлар тўғридан тўғри нафақат ўзимизга, балки дунё мамлакатларига юқори сифатда трансляция қилинмоқда. Кейинги йилларда «Ўзбекистон-24», «Ўзбекистон», «Тошкент», «Оилавий», «Маҳалла» телеканалларида «Ахборот», «Таҳлилнома», «Янгиликлар», «Студия-24», «Муносабат» каби ижтимоий-сиёсий мавзудаги ўнлаб дастурлар тўғридан тўғри намойиш этиладиган бўлди.
– Журналистиканинг ва журналистнинг жамиятдаги ўрнини қандай баҳолайсиз?
– Журналистика – гўё энсиклопедия. Сиз ҳар бир соҳадан озми-кўпми маълумотга, ҳеч бўлмаганда тасаввурга эга бўлишингиз талаб этилади. Сўздан сўзни фарқлаш, сўзни топиб гапириш – буларнинг бари билим. Журналистика даврийлик бўйича матбуот, радио, телевидение ва интернетдан иборат. Уларнинг орасида телевидение ҳам кўҳналашиб бораётган журналистиканинг бир турига айланди. Телевидение – бу классика. Ҳозирда интернет журналистикаси ҳам албатта телевидениедан андаза олди ва ривожланмоқда.
– Сизнинг бахтиёр инсон қиёфасида гавдаланишингиз касб тақозосими ёки аслият?
– Биласизми, бу аввалига касб тақозоси бўлади. Кейинчалик эса аслиятингизга сингиб, фазилатларингиздан бирига айланади. Инсонлар мени телевизор орқали қандай кўришган бўлса, ҳаётда ҳам шундай юришга, бахтиёр, тетик қиёфада кўринишга ҳаракат қиламан.
– Бир суҳбатингизда эшитгандим, ишнинг кўплигидан, топшириқлардан қўрқмаслигингизни айтгансиз... Бу ишингизни чин дилдан яхши кўришингизданми ёки бошқаларга мотивация бериш учунми?
– Ҳа, албатта, ўз ишимдан завқ оламан. Ҳеч ким иш билан қўрқита олмайди.
– Давлат тадбирларида, халқ хизматларида кимлар билан ишлашни ёқтирасиз?
– Ҳамма билан бирга ишлайман. Шогирдларимдан олий мақомдаги журналист, бошловчилар Дилдора Рустамова, Нилуфар Сотиболдиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Кубаевалар билан бирга кўплаб тадбирларни олиб борамиз. Иложи борича саҳналарда ёнимдаги ҳамроҳни танламасликка ҳаракат қиламан. Сабаби, ёнингизда доим бир инсон бўлса, унинг сўзлари ёд бўлиб кетади. Ҳозир бу гапни гапиради, кейин ундай дейди, деб турасиз. Бундай вақтда ишдан завқ олиш ҳисси йўқолиб қолади.
– Кимларни ўзингизга устоз деб биласиз? Шогирдларингиз ҳам борми?
– Устозларим беназир инсонлар. Менга устозлик қилган ва саҳнадош бўлганлар давримизнинг энг етуклари. Уларга доим чин қалбдан миннатдорлик билдираман. Шогирдларим ҳозирда республиканинг энг етакчи давлат ва хусусий телеканалларида фаолият олиб боришмоқда. Улар энг талаб кучли бўлган журналист, сухандонларга айланишмоқда. Уларни доим кузатиб тураман ва нафақат саҳнада, балки ҳаётда ҳам кўмак беришга интиламан.
– Энди оилангиз ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўцангиз.
– Рафиқам Дилноза Умирзоқова «Узбекистан Фашион Wеэк» асосчиси ва раҳбари. Мамлакатимиздаги ёш дизайнерларнинг хориждаги намойишларига катта далда берувчи ягона платформа «Анор» миллий модалар уйининг дизайнери ва раҳбари сифатида фаолият юритади. Уч қиз ва бир ўғилнинг отасиман. Ҳозир аёлим туғуруқхонада. Яна бир ўғил фарзанд кутяпмиз. Газетада интервю чоп этилгунга қадар фарзандим ҳам дунёга келади, назаримда.
– Севимли машғулотингиз...
– Албатта, китоб ўқийман. Яхши филмларни томоша қиламан ва ундаги ўзимга ёққан кичик парчасига уйимдаги компютер жиҳозлари орқали овоз беришга ҳаракат қиламан ва уни ҳеч қаерга тарқатмайман.
– Ички ишлар органлари фаолияти ҳақидаги фикрларингиз ўқувчиларимиз учун қизиқарли...
– Тинчлик бор жойда тараққиёт бўлади. Мана шундай гўзал диёрда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечиришимизда ички ишлар органлари ходимларининг муносиб ҳиссалари бор. Ҳар қандай об-ҳаво шароитига қарамасдан, жамоатчилик тўпланадиган жойларда ички ишлар ходимлари доимо халқ хизматига камарбаста. Уларнинг фидойиларча хизматини кўриб доим раҳмат айтаман. Азизлар, халқ осойишталигини таъминлаш йўлида ҳеч қачон толманг, дейман! Зеро, осойишта гўшада бола кулгуси янграйди, ота-она қалби фарзанд камолидан қувончга тўлади.
Мадина ҚАҲҲОРОВА суҳбатлашди.
