Болалигидан спортга меҳр қўйганлиги сабабли, болалар ва ўсмирлар спорт мактабида белбоғли кураш сирларини пухта ўрганиб, кўплаб нуфузли мусобақаларда иштирок этди. Жумладан, 2004-йилда Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 61 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритган ва мамлакат чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.
2006–2007-йилларда ҳарбий хизматда бўлиб қайтган қаҳрамонимиз Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига ўқишга кирди.
– Ўқишни тамомлагач, бир неча йил ўзим таҳсил олган олийгоҳда ишладим, – дейди у. – Синовлардан муваффақиятли ўтиб, 2016-йилда ички ишлар органларига хизматга қабул қилиндим.
Дастлаб профилактика инспектори, катта инспектори вазифаларида ишлаб, муайян тажриба тўплагач, раҳбарият пробация гуруҳи катта инспектори вазифасини унга ишониб топширди.
– Пробация бу тизимдаги масъулияти оғир йўналишлардан биридир, – дейди капитан Ғиёсиддин Юлдашев. – Оғирлиги шундаки, бизнинг ходимлар оддий фуқаролар билан эмас, жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум этиш
билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм этилганлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган шахслар билан шуғулланишади. Шу боисдан, ҳар бир маҳкум ва назоратга олинганлар
билан якка тартибда ишлашга ҳаракат қиламиз. Мақсадимиз бир марта адашган шахслар қайта бу йўлга киришига йўл қўймаслик. Уларга қўлимиздан келганча тўғри йўл кўрсатишга, ёрдам
беришга ва қайта тарбиялашга интиламиз.
Инглиз тилини яхши биладиган, спорт билан мунтазам шуғулланиб бораётган лавҳамиз қаҳрамони ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Шу сабабли ҳозирда ИИВ Академиясида жиноятни фош этиш ва олдини олиш йўналишида сиртдан таҳсил олиб, билимларини янада мустаҳкамлаяпти.
Онаси Ҳабибахон Юлдашеванинг дуосини олиб, турмуш ўртоғи билан аҳилликда 2 нафар фарзанд ўстираётган капитан Ғиёсиддин Юлдашев шу соҳанинг етук билимдонига айланиб, халқимизга муносиб хизмат қилишни олий мақсад деб билади.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
